English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Олис мактабда ватанпарварлик мусобақаси
15:09 / 2022-10-04

Мамлакатимизда янги Ўзбекистонни барпо этишдек улуғ мақсадга эришиш йўлида асосий таянчимиз бўлган ёшларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, уларга барча соҳаларда ўз иқтидори ва салоҳиятини тўлиқ намоён этиши учун зарур шароит ва имкониятлар яратиб бериш давлат сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади.

Айниқса, умумий ўрта, профессионал ва олий таълим муассасаларини тамомлаб, мустақил ҳаётга қадам қўяётган йигит-қизларни муносиб иш ва даромад манбаи билан таъминлаш, уларга замонавий касб-ҳунарлар, IT-технологияларни ўргатиш, тадбиркорликка кенг жалб этиш, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга қаратилган кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Бу борада Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 13 июлдаги “Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. 

Ушбу фармон ижроси доирасида Қашқадарё вилояти Қарши туманидаги 49-мактабда “Ватан таянчи” шиори остида болалар ва ҳарбий ватанпарварлик спорт мусобақаси ташкил этилди. Мусобақа давомида мактаб ўқувчилари югуриш, волейбол, стол тенниси, шахмат-шашка, армрестлинг, арқон тортиш каби оммавий спорт турлари бўйича ўзаро беллашди. Шунингдек, тиббиёт ходими иштирокида фавқулодда ҳолатларда биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича маҳорат дарслари ўтказилди.

– Мактабимизда мунтазам равишда ўқувчи-ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ҳарбий соҳага қизиқишларини орттириш борасида, тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда кўплаб спорт мусобақаларини ўтказиб келамиз, – дейди мактабнинг чақирувга қадар ёшларни бошланғич ҳарбий тайёргарлик фани раҳбари Хайри Абдураҳимов. – Ўқувчилар бу каби спорт мусобақаларини доим юқори кайфиятда қарши олишади. Боиси улар орасида ҳарбий соҳага қизиқувчи ёшлар кўп. 

Кўринишидан оддий мактабдаги кичкинагина мусобақа, лекин олис қишлоқдаги спортга ҳавасманд, истеъдодли ўқувчи ёшларни кашф этишда муҳим аҳамиятга эга тадбир бўлди. 

Мусобақа ғолиблари ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари ва фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди. 


Ўлмас Баротов, ЎзА.