Олимпиячи ёшларимиз Марокашдаги ўртоқлик ўйинида ғалабага эришди

Кеча, 22 март куни кечки пайти Ўзбекистон олимпия терма жамоаси аъзолари Париж-2024 Олимпиадасига тайёргарлик босқичининг муҳим бўғини бўлган Марокашдаги ўқув-йиғин машғулотлари доирасида Того терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашувида иштирок этди.

Голларга бой кечган ўйин мобайнида Тимур Кападзе шогирдлари 5:3 ҳисобида ғалабага эришди. Того дарвозасига киритилган тўпларга терма жамоамиз аъзоларидан Муҳаммадқодир Ҳамралиев, Отабек Жўрақўзиев, Одилбек Абдумажидов, Алишер Одилов ва Сардор Маҳмудов муаллифлик қилди.

Ўзбекистон олимпия терма жамоаси навбатдаги учрашувда Кот-дʼИвуар олимпия терма жамоасига қарши майдонга тушади. Мазкур ўйин 25 март куни бўлиб ўтади.
Т.Рўзиев, ЎзА