English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Олимпия шаҳарчаси ўзбек спортида олтин даврнинг бошланишидир
10:01 / 2022-12-01

Маълумки, ўтган ойнинг илк кунларида пойтахтимизда умумий қиймати 289 миллион доллардан зиёд Олимпия шаҳарчаси қурилишига давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан тамал тоши қўйилди. Ушбу замонавий мажмуа ўзбек спортининг оламшумул ютуқлари рамзига айланиши эътироф этилган эди.

2025 йили пойтахтимизда ўтадиган ёшлар ўртасидаги Осиё ва Параосиё ўйинларини юқори савияда ташкил этиш мақсадида бунёд этиладиган замонавий Олимпия шаҳарчаси 100 гектар майдондан иборат бўлиб, унда 10 минг ўринли енгил атлетика ва футбол стадиони, 15 га яқин спорт мажмуалари барпо этилиши белгиланган.  

Спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икромов, Қурилиш вазири ўринбосари Шукруллобек Жаҳонгиров, Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов, олий спорт маҳорати мактаби раҳбарлари, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ва бир қатор ташкилот мутасаддилари қатнашган йиғилишда мазкур объектлардан келгусида самарали фойдаланиш масаласи муҳокама қилинди.  

Таъкидланганидек, 17 минг метр квадратни ташкил этадиган маъмурий бинодан Спортни ривожлантириш вазирлиги, Халқаро кураш институти, Паралимпия институти, Спорт академияси, Илмий-тадқиқот институти, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги антидопинг агентлиги, Бинолардан фойдаланиш дирекцияси, мажлислар зали, конференция зали, музей, маъруза зали жой олиши режалаштирилган.  

Муҳокамалар давомида Олимпия шаҳарчаси ҳудудидан унумли фойдаланиш, федерациялар фаолиятини Спорт академияси, Илмий-тадқиқот институти ва бошқа ташкилотлар билан чет эл тажрибасини ўрганган ҳолда мувофиқлаштириш каби масалалар кўриб чиқилди.  

Айтиш лозимки, юртимизда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, спортчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида сўнгги беш йилда соҳага қарийб 4 триллион сўм йўналтирилиб, 118 та йирик иншоот фойдаланишга топширилди. 110 та спорт мажмуаси реконструкция қилинди.  

Олимпия шаҳарчасини барпо этиш бўйича амалга оширилаётган кенг қамровли ишлар Ўзбекистон спортининг янги олтин даври бошланишини англатади. Мамлакатимизни жаҳон спорт оламига ўзгача қиёфада намоён этишини таъминлайди.  

Эслатиб ўтамиз, 2025 йил Тошкентда ўтадиган ёшлар ўртасидаги Осиё ва Параосиё ўйинларида қитъанинг 45 та мамлакати ёшлари 20 га яқин спорт тури бўйича беллашади.  

 

Тўлқин Рўзиев,  

ЎзА