English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Оғир атлетика: тажриба ва ёшлик шижоати беллашди
12:28 / 2024-09-17

Урганчда ўтган Ўзбекистон кубогида ёш спортчилар Олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпионатлари ғолиблари билан баҳслашди.

Хоразмдаги "Ёшлик" манежида катталар ва ёшлар ўртасида ўтказилган Ўзбекистон кубоги ҳамда U17 кичик ўсмирлар ўртасида "UZBEKISTAN OPEN" мамлакат очиқ чемпионати мусобақалари ўнлаб истеъдодларни кашф этди.

Мамлакат кубоги баҳсларида 300 нафардан зиёд оғир атлетикачи ўз вазнларида ғолиблик учун кураш олиб борди.

Мусобақаларда Олимпия ва Осиё ўйинлари ғолиблари, қитъа ва жаҳон чемпионлари қатори юздан зиёд ёш спортчилар қатнашганлиги баҳсларнинг шиддатли ўтишини таъминлади.

Ўз вазн тоифаларида кутилганидек Олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпионатлари ғолиб ва совриндорлари бўлган номдор спортчиларимиз Руслан Нуруддинов, Муҳаммадқодир Тоштемиров, Сарвар Зафаржонов сингари тажрибалилар қаторида Диёрбек Одилов, Имомиддин Ражапбоев, Нусратилла Давлатбоев, Шаҳриддин Абдуназаров каби ёшлар ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди.

Медаллар сарҳисобига кўра, 4 та олтин, 2 та кумуш ва 4 та бронза медалини қўлга киритган Хоразм вилояти жамоаси умум жамоада 1-ўринни эгаллаб, Ўзбекистони кубоги соҳиби бўлди. Ёшлар ўртасидаги мусобақаларда мамлакат кубоги ҳам хоразмлик спортчи ёшларга насиб этди. Улар 6 та олтин, 2 тадан кумуш ва бронза медалларига эгалик қилди.

Мамлакат очиқ чемпионати мусобақаларида иштирок этган мамлакатимиз ва қўшни давлатларнинг150 нафарга яқин ёшлари орасида Навоий вилояти вакилнинг қўли баланд келди. Улар 2 та олтин, 3 та кумуш медал билан умумжамоада етакчиликка эришди.

Ғолибь ва совриндорлар Спорт вазирлиги, Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси ва Хоразм вилоят ҳокимлиги томонидан таъсис этилган диплом, медаль ва совғалар билан тақдирланди.

Т. Рўзиев, ЎзА