English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Нукусда қўмондонлик-штаб ҳарбий ўйини ўтказилди
11:04 / 2022-10-02

Нукус гарнизонида Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги бошқарув аппарати, ҳарбий қисм командирлари ва муассаса бошлиқлари ҳамда ҳамкорликдаги куч тузилмалари вакиллари билан икки томонлама қўмондонлик-штаб ҳарбий ўйини бўлиб ўтди.

Бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати хабар берди.

Ҳарбий бошқарув органларининг мансабдор шахсларини жанговар шайликнинг юқори даражаларида вазифаларни бажаришга ўргатиш, ҳарбий операцияларда қўшинларни бошқариш бўйича офицерларнинг кўникмаларини назоратдан ўтказиш, бошқарув органлари ишида ҳаракатларнинг ҳамжиҳатлигига эришиш каби мақсадларни мужассам этган мазкур ҳарбий ўйин тўрт босқичда ташкил этилди.

Барча тоифадаги офицерларнинг касбий малакасини ошириш, уларда юқори ахлоқий-руҳий сифатларни, жанговар руҳни юксалтириш, оператив санъат сирлари ва стратегик фикрлаш қобилиятини шакллатиришга хизмат қилган ҳамда 15 кун давом этган ҳарбий мусобақада шартли равишда мудофаа ва ҳужум жанги ўйналиб, томонларга белгилаб берилган ҳудудларда қўшин таркиби билан турли операциялар амалга оширилди.

Икки қарама-қарши томоннинг шартли равишда хариталарда жанг олиб бориладиган қўмондонлик-штаб ҳарбий ўйини давомида замонавий қуролли тўқнашувлар ва ҳарбий ҳаракатлар таҳлили асосида олинган илғор тажрибалар, юзага келиши мумкин бўлган ностандарт вазиятлар ва қарама-қарши кучларнинг эҳтимолий ҳаракатлари қўлланилди.

Шартли равишда жанговар вазифаларни олган ўрганувчиларнинг вазиятга тўғри баҳо берган ҳолда асосланган қарорларни бериши, уларнинг замонавий жанглар ва қуролли можаролар эҳтимолий тавсифи, амалдаги жанговар низомларга мос келиши текшириб борилди.

Қўмондонлик-штаб ҳарбий ўйинида қўшинларнинг жанговар ҳаракатларни самарали ташкиллаштириши ва ҳар томонлама таъминоти бўйича штаблар, қўшин тури, махсус қўшинлар ва хизмат тури бошлиқларининг фаолияти, иштирокчилар томонидан ишлаб чиқилган жанговар-хизмат ҳужжатлари текшириб борилди. Техник ва фронторти таъминоти органлари, уларга бўйсунувчи қўшилма, ҳарбий қисм ва бўлинмаларнинг ҳаракати, қўшинларнинг таъминот масалаларида пайдо бўлиши мумкин бўлган узилишларни бартараф этиш қобилияти синовдан ўтказилди.

Ҳар бир бўлинма командирининг вазиятдан келиб чиқиб қабул қилган қарори ҳамда бўлинмаларга берилган жанговар буйруқ ва фармойишларни асослаб, иш тартиблари, ишлаб чиқилган асосий режалаштириш, директив-фармойиш ва ҳисобот ҳужжатлари ўқув раҳбарияти томонидан таҳлил қилинди.

Таҳлил якунлари бўйича ҳарбий ўйинда иштирок этган бошқарув органлари ва бўлинма командирларининг жанг олиб бориш санъати, бўлинмаларни бошқариш ва юклатилган вазифаларни бажара олиш қобилияти, қўшинларни стратегик қўллаш бўйича билимлари баҳоланди.

 

ЎзА