Яна ундан давлат фойдасига 3 миллиард сўмдан ортиқ зарар ундирилиши белгиланган.
Тошкент вилояти Қуйичирчиқ туманида Чирчиқ дарёси ўзанида туман ҳокимлиги захирасида бўлган ер майдонини 2023 йилнинг май ойидан 2024 йилнинг январь ойига қадар ўзбошимчалик билан эгаллаб олиб, ҳеч қандай махсус рухсатномаларга эга бўлмасдан ноқонуний чиқиндихона ташкил қилган ҳуқуқбузарга суд ҳукми ўқилди, деб хабар берди Экология вазирлиги матбуот хизмати.
Хабарга кўра, судда М. Д.нинг тоифаланган ҳамда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар режимини бузиб, ноқонуний чиқиндихона ташкил қилганлиги, ҳудудга чиқиндиларни маълум маблағ эвазига жойлаштириб келганлиги ўз исботини топган.
Қайд этилишича, фуқаро дарёга чиқинди ташлаши оқибатида давлат манфаатларига 3 миллиард 68 миллион 206 минг 171 сўм миқдорда зарар етказган.
Шунингдек, у «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 22-моддаси ҳамда «Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида»ги қонуннинг 41-моддасини қўпол равишда бузган.
“Суд Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 59, 61-моддаларига асосан ҳуқуқбузарни 3 йилу 9 ой муддатга озодликдан маҳрум қилди. Шунингдек, ундан давлат фойдасига 3 миллиард 68 миллион 206 минг 171 сўм зарар ундирилиши белгиланди”, — дейилади вазирлик хабарида.
ЎзА