English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ногиронлиги бор инсонларнинг бирор ташкилотда ишлаши учун шароит етарлими? (+видео)
09:39 / 2022-12-01

Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 1 миллиондан ортиқ ногиронлиги бўлган шахслар мавжуд. Хўш, уларнинг ўқиб, билим олишлари, яхши шароитларда яшашлари учун қандай имтиёзлар мавжуд? Ҳақ-ҳуқуқлари қай даражада таъминланган?

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг @uza_uz телеграм каналида Ўзбекистон ногиронлар жамияти марказий бошқаруви раиси Комил Абдуллаев иштирокида «Имконияти чекланган одамлар муаммоси қай даражада?» мавзусида бўлиб ўтган овозли чат давомида шу каби саволлар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.  

— Биз атрофимиздаги ёрдамга, эътиборга муҳтож инсонларга нисбатан кўп ҳолларда имконияти чекланган, баъзи ҳолларда эса ногиронлиги бор шахслар иборасини қўллаймиз. Аслида бу ибораларнинг қайси бирини бундай шахсларга нисбатан қўллаш тўғрироқ, деб ўйлайсиз?  

— Тақдир тақозоси туфайли бирор нуқсонли бўлиб қолган инсонларга нисбатан имконияти чекланган ёки жисмоний имконияти чекланган, деган сўз ишлатилади. Бу ибора ўша инсонни камситишдек бўлиб туюлади. Ногирон сўзи эса давлатимизга собиқ СССР пайтида Тожикистондан кириб келган. Ногирон деган сўз «ололмас», деган маънони билдиради. Бу ҳам инсонга нисбатан ҳақоратдек. Ёшлигимизда боболаримиз нуқсони борларга нисбатан «узрли одам» иборасини қўллашарди. Аслида узрли деган ибора ишлатилса, одамнинг кўнглига ботмайди, ўзини камситилгандек ҳис қилмайди. Мени битта сўзим билан қонунлар ўзгариб кетмайди. Келгусида қонунларга ўзгартириш киритиш керак бўлса, эҳтимол бирор бошқа сўз қўллаш тавсия этилар, деган фикрдаман.  

— Ўзбекистон ногиронлар жамиятининг вазифаси нималардан иборат?  

— Жамиятимиз барча ногиронлиги бўлган шахсларга тенг имкониятлар яратиш мақсадида давлатга таклифлар беради. Эртага ўша берган таклифларимиз Президентимиз томонидан, Вазирлар маҳкамаси томонидан қарор, фармон бўлиб чиқади. Унинг лойиҳаси ишлаб чиқилган пайтда бизни тизимимиз бўлган кўзи ожизлар, кар-соқовлар жамиятининг таклифлари инобатга олинади.  

Биз асосан ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий ҳаётида ҳам кўмаклашамиз. Маиший масалаларини ҳал қилишда ёрдам берамиз. Меҳнатга жалб этамиз. Энг асосийси, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қиламиз.  

— Бугунги кунда ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигига кўмаклашиш, тизимли қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий фаоллигини янада ошириш мақсадида Президентимизнинг жорий йил 12 октябрдаги «Ногиронлиги бўлган шахслар жамиятларига тегишли ташкилотларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигига кўмаклашишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Хўш, ногиронлиги бор шахсларни бирор ташкилотда ишлаши учун имкониятлар етарлими?  

— Қарор асосида биз идоралараро кенгаш ташкил қилдик. Бу жуда кучли кенгаш. Унга барча вазирликлар, ҳокимликлар аъзо ҳисобланади. Кенгашни спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икромов бошқаради. Бу инсон ногиронлиги бўлган шахсларга ҳамиша ёрдам беришга ҳаракат қиладиган раҳбарлардан.  

Ҳозир бизда мониторинг ишлари кетяпти. Бу – қарорнинг бажарилиши 1-2 кунда ёки бир ойда ҳал бўлади, дегани эмас. Корхона ва ташкилотларга ногирон одамни ишга таклиф қилишдан олдин уни ишга кириб чиқиши учун шароит борми-йўқми, энг аввало шу масала ҳисобга олиниши керак. Аксарият ташкилотда шароит йўқ. Ташкилотга кириш жойларидаги зиналарнинг кўплари 3 метр баландликда. Зиналарда ногиронлар ҳаракатланиши учун шароит қилиниши зарур. Шу сабаб ҳали қиладиган ишларимиз жуда кўп.  

Кузатувчилар томонидан берилган саволларга жавобларнинг тўлиқ қисмини YouTube каналимиз орқали кўришингиз мумкин.

<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/qRALc3ACQSo" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>

 

 

Нигора Раҳмонова, Нишонбой Абдувоитов (видео), ЎзА