English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Навоийнинг ижод мезони​
07:07 / 2020-02-07

Бу фикрларни беқиёс уммондан бир ҳовуч дейилса жоиздир, эҳтимол.

​Алишер Навоий таваллудининг 579 йиллигига 

Ижод ўзи нима? Унинг шахс камолоти ва жамият равнақида тутган ўрни қандай? Ижодкор ким? Унинг фаолияти қай мезонлар асосида баҳоланади? Табиийки, бу сингари саволлар инсоният пайдо бўлганидан буён ҳар бир тафаккур эгасини ўйлантириб келади. Бундай саволларга жавоб турлича бўлиши табиий. Бироқ бадиий ижод тарихида шундай шахсиятлар борки, уларнинг қарашлари неча замонлар ўтса-да эскирмайди. Аксинча, барча даврларда ҳам авлодлар адабий-эстетик тафаккурини юксалтиришда ҳал қилувчи омил, ўзига хос барометр бўлиб қолаверади. Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ана шундай сиймолардан экани маълум.

Улуғ бобокалонимиз ижод табиати ва ижодкор тутуми ҳақида қандай фикрларни билдирган ва ул зотнинг бу борадаги қарашлари бугунги кун учун нечоғлиқ аҳамиятга эга? Табиийки, бизнинг бу борадаги мухтасар фикрларимиз улуғ мутафаккир адабий-эстетик қарашларини тўлиқ қамраб ололмайди. Бу фикрларни беқиёс уммондан бир ҳовуч дейилса жоиздир, эҳтимол.

Буюк адиб наздида ижодкор фаолияти қуйидаги мезонларга мувофиқ бўлмоғи зарур:

1. Қалам ва сўзни муқаддас билиш, уни воситаи жоҳ этишдан сақланиш.

2. Ижод намунаси мукаммал бадиият билан бирга теран маънони мужассам этмоғи зарурлиги.

3. Бадиий асар Ҳақ ва ҳақиқат талабларига мувофиқ бўлиши.

4. Ижодкор ўз мустақил йўлидан юриши, тақлиддан сақланиши.

Ушбу мезонлар ҳазрат Алишер Навоий ижоди ва адабий-эстетик қарашларининг моҳиятини белгилайди. Уларни алоҳида таҳлил этишга уринамиз.

1. Қалам ва сўзни муқаддас билиш, уни воситаи жоҳ этишдан сақланиш. “Хамса”нинг иккинчи достони – “Фарҳод ва Ширин”да буюк шоир қаламни қуйидагича васф этади:

Қаламким раҳнаварди тезтакдур,
Азалдин манзили фавқу-л-фалакдур.

Яъни, қалам энг илдам йўлчидир, унинг учун масофа аҳамиятга молик эмас. Қаламнинг манзили фалакдан ҳам юксакроқда – Аршдадир. Бу ўринда тақдир китоби – Лавҳу-л-маҳфузни ёзган илоҳий қалам назарда тутилган. Ҳазрат Навоий фикрича, қалам аҳли буни назарда тутмоғи, маскани фавқу-л-фалак бўлган қаламнинг шарафини ерга урмаслиги зарур. Бошқача айтганда, қалам билан фақат ва фақат муносиб сўзлар битилмоғи керак. Агар шундай масъулият бўлмаса, ижод аҳли қўлидаги қалам дарёда ўсган оддий қамишдан фарқ қилмайди:

Қалам баҳри кафида турфа ишдур,
Магар дарё аро бутган қамишдур.

Сўз, ҳазрат Навоий наздида, илоҳий неъмат. Тангри таоло ўз сирларининг хазинаси бўлган инсонни яралмишлар ичида сўз туфайли мумтоз этди. Ҳатто оламнинг яратилиши ҳам сўз шарофатидан. Шунинг учун “Хазойин ул-маоний”даги лирик шеърларида ҳам, насрий ва адабий-илмий асарларида ҳам улуғ мутафаккир сўз қадри, сўз масъулияти масалаларига алоҳида диққат қаратади. “Хамса”нинг ҳар бир достонида сўз таърифига алоҳида боблар бағишлайди. “Назм ул-жавоҳир” асарида, жумладан, сўзга мана бундай таъриф берилади:

Сўздурки нишон берур ўлукка жондин,
Сўздурки берур жонға хабар жонондин,

Инсонни сўз айлади жудо ҳайвондин,
Билким, гуҳаре шарифроқ йўқ ондин.

Улуғ мутафаккирнинг сўзга бу қадар эҳтиром билан муносабатда бўлиши замирида, биринчидан, инсон учун сўзнинг нечоғлик улуғ неъмат экани, уни қадрлаш зарурати ифодаланган бўлса, иккинчидан, ижод аҳли зиммасидаги улкан масъулиятни таъкидлаш мақсади ётади.

“Ҳайрат ул-аброр”да “назми ақолими жаҳонни, насри доғи кишвари жонни тутган” устози мавлоно Жомийни васф этар экан, шоир мана бундай ёзади:

Парда ясаб ҳолати пинҳон учун,
Сафҳа ёзиб сатр ила китмон учун –

Яъни, Абдураҳмон Жомийнинг сафҳа ёзишидан, яъни бадиий ижод билан шуғулланишидан муроди “кўкси ҳақойиқ дури ганжинаси, кўнгли маоний юзи ойинаси” эканини халойиқдан бекитмоқ, ҳолатини пинҳон тутиш учун парда ясамоқ бўлганини таъкидлайди. Демак, бобокалонимиз эътиқодича, сўз, бадиий ижод – воситаи жоҳ эмас, халойиқ ўртасида шуҳрат қозонишдан сақланмоқ омили бўлмоғи зарур. Ундан шон-шавкатга, мансаб-мартабага, бойлик-ҳашамга эга бўлиш йўлида фойдаланмоқ ижод аҳлини тубанлик сари бошлайди. Мана, ижодкорнинг эътиқоди қандай бўлмоғи керак?! Бу фикрлар замирида ижод аҳли учун барча замонларга татирли ибрат сабоқлари бор.

2. Ижод намунаси мукаммал бадиият билан бир
га теран маънони мужассам этмоғи зарурлиги. Ҳазрат Алишер Навоий “Ҳайрат ул-аброр” достонида

Назмда ҳам асл анга маъни дурур,
Бўлсун анинг сурати ҳар не дурур, -

деб ёзган эди. Бу сўзлари орқали улуғ мутафаккир замонлар келиб назмнинг суратида янгиланишлар бўлишини башорат қилган. Буюк шоир назмнинг ранго-ранг либослар билан зийнатланиши табиий эканини таъкидлаш баробарида, ҳар қандай шаклда бўлишидан қатъий назар, “асл анга маъни” эканини алоҳида таъкидлаган.

Алишер Навоийнинг бу масаладаги адабий-эстетик тутуми “Бадойиъ ул-бидоя” девони дебочасида ҳам қатъий ифодаланган: “Яна бир буким, гўйиё баъзи эл ашъор таҳсилидин ва девон такмилидин ғараз мажозий ҳусну жамол тавсифи ва мақсуд зоҳирий хатту хол таърифидин ўзга нима англамайдурурлар. Девон топилғайким, анда маърифатомиз бир ғазал топилмағай ва ғазал бўлғайким, анда мавъизатангиз бир байт бўлмағай. Мундоқ девон битилса, худ асру беҳуда заҳмат ва зойиъ машаққат тортилғон бўлгай”.

Бу ўринда буюк адиб “маъни” тушунчасига янада ойдинлик киритади. Унинг “маърифатомиз, мавъизатангиз” бўлмоғи зарурлигига эътибор қаратади. Яъни, шеър ўқувчи қалбида маърифатга муҳаббат, камолот сари интилишга рағбат туйғусини пайдо қилмоғи зарур. Таъкидлаш зарурки, ҳазрат Навоий “маъни”га урғу берар экан, зинҳор бадииятни инкор этмайди. Аксинча, назмда ёки насрда битилган бўлишидан қатъий назар, теран маърифий мазмун ва гўзал бадиий шакл уйғунлиги талаб этилишини таъкидлайди. Ўз асарлари орқали бунинг беқиёс намунасини кўрсатади.

3. Бадиий асар Ҳақ ва ҳақиқат талабларига мувофиқ бўлиши. Буюк мутафаккир таърифича, ана шу фазилатдан маҳрум бўлса, асар ҳеч қандай қимматга эга эмас. Унингча, ижод намунаси Ҳақ ва ҳақиқат нурига йўғрилмоғи зарур. Акс ҳолда ижод аҳлининг сўзи кўнгилларни забт эта олмайди, аҳамиятга молик бўлмайди. Бу ҳақиқат “Ҳайрат ул-аброр”да қуйидагича бадиий талқин этилади:

Нукта су янглиғ эритур тошни,
Топса ҳақиқат ўтидин чошни.

Бўлса ҳақиқат гуҳаридин йироқ,
Ришта сўзин сўзламаган яхшироқ.

Яъни, ҳақиқат гуҳаридин мосуво сўзни сўзлашдан наф йўқ. Бундай сўз на халойиқ олдида эътиборли, на Холиқ наздида. Инсоният тарихининг ибтидосидан то бугунга қадар қоғоз қоралаганлар сони қанча эканини Яратганнинг ўзи билади, улар орасида ёзмишлари эл кўнглига малҳам бўлганлари эса бармоқ билан санарлидир. Чунки ижод сир-синоатга тўлиқ жараён. Қалбида ҳидоят нури мужассам бўлганларгина ҳам халққа, ҳам Ҳаққа манзур асарлар битиш шарафига ноил бўлади. Ҳазрат Навоий ижоди бунинг исботидир, “Хамса”нинг умрбоқийлиги боиси шунда. Шу сабабдан ҳам ул зот муяссар бўлган буюк мақомга эришмоқ маҳол.

Ҳазрат Алишер Навоий “Мажолис ун-нафоис” тазкирасида ижод аҳлига баҳо берар экан, уларнинг Ҳақ ва ҳақиқатга муносабатини асосий мезон деб билади. Жумладан, биринчи мажлис ибтидосида “ҳақойиқ ва маориф адосида назм либоси дилпазирроқ” эканини алоҳида таъкидлайди. Асарларида “ҳақойиқ ва маорифни дарж этган” шоиру адибларни алоҳида эътироф этади. Ҳусайн Бойқаронинг туғишган акаси Бойқаро Мирзо ҳақида ёзар экан, “ҳақшунослиғи аъло мартабада” эканини мамнуният билан таъкидлайди. Ўз навбатида, бу каби фикрлар ҳазрат Алишер Навоий адабий-эстетик қарашларида ҳақиқат ва маърифат масаласи алоҳида мавқега эга бўлганидан далолат беади.

“Маҳбуб ул-қулуб”да эса, сўзлари ҳақиқат ва ростликдан йироқ қалам аҳли ижодкорларнинг “адно”, яъни энг қуйи табақаси сифатида таърфланади ва қаттиқ танқид қилинади: “Яна адно табақаси жамоатедурларким, назм била фақат кўнгуллари хушнуд ва хурсанд ва розию баҳраманддурлар. Ва юз машаққат била бир байтким боғлаштурғайлар, даъво овозасин етти фалакдин ошурғайлар. Сўзларида не ҳақойиқ ва маориф нўшидин ҳаловат ва назмларида не шавқ ва ишқ ўтидин ҳарорат. Не шоирона таркиблари аҳсан ва не ошиқона сўзу дардлари шуълаафган. Баъзидин агар гоҳи бирар яхши байт воқеъ бўлур, аммо ўн онча ямон даъво зоҳир бўлурки, у ҳам зоеъ бўлур”.

Ҳазрат Навоий фикрича, назмдан мурод кўнгил хушлиги эмас. Юз машаққат билан ёзган шеъри учун шоирлик даъвосини қилиш ва овозасини етти фалакдан оширишга уриниш – уят. Шеърнинг шеър бўлиши унда ҳақиқат ва маорифдан баҳра, шавқ ва ишқ ўтидан ҳарорат бўлмоғи зар
ур. Юқорида танқид қилинган адно тоифанинг битиклари ана шу фазилатлардан маҳрум. Уларнинг баъзиси агар бир яхши байт ёзса, ўн ёмон байти билан ўша арзирли байтни ҳам зое қилади.

Умуман, Ҳақ ва ҳақиқатга таяниш – ижод намунасининг қимматини оширгани каби ижодкорнинг ҳам мартабаси юксалишига далолат қилади.

4. Ижодкор ўз мустақил йўлидан юриши, тақлиддан сақланиши.

Буюк бешлик – “Хамса”ни ижод этар экан, ҳазрат Навоий мана бундай сатрларни битади:

Ани назм этки, тарҳинг тоза бўлғай,
Улусға майли беандоза бўлғай.

Йўқ эрса, назм қилғонни халойиқ
Мукаррар айламак сендин не лойиқ.

Хуш эрмас эл сўнгинча рахш сурмак,
Йўлеким, эл югурмишдур – югурмак.

Биравким бир чаманда сойир эрди,
Нечаким гул очилғон – кўрди, терди.

Ҳамул ерда эмас гул истамак хўб,
Бу бўстон саҳнида гул кўп, чаман кўп.

Улуғ мутафаккир халойиқ назм қилғонни мукаррар айламоқ – такрорламоқ фикридан йироқ. Ул зотнинг эътиқодича, бировлар кетидан от сурмоқ, эл югурган йўлдан югурмоқ зинҳор маъқул эмас. Бошқалар гул терган чаманда гул истамоқ оқил иши саналмайди. Ваҳоланки, “Бу бўстон саҳнида гул кўп, чаман кўп”. Яъни, ҳар ким ўз дидига мос гулни изламоғи, термоғи зарур. Шоир фикрича, шеъриятда ўзгаларни такрорлаш (“мукаррар айламак”) айб. Чинакам шоир ўз сози билан куйлаши лозим. Бошқалар кетидан от сурмоқ, ўзгалардан туйғу олиш ҳақиқий ижодкор иши эмас. Тақлидчилик ижод табиатига зид. Ўз сўзини, ўзигагина хос услубда ифодалаган ижодкоргина адабиёт оламида ўз ўрнини топади, муайян мавқега эриша олади.

Ҳазрат Алишер Навоийнинг ўзи бу борада барча замон ижодкорларига ибрат бўларли буюк ишни бажарди. Анъана замирида ўзига хос ижод мезонлари асосида оламшумул янгилик яратди, хамсанависликни юксак бир даражага кўтарди. Ваҳоланки, Низомий-Ганжавий, Хусрав Деҳлавий ва Абдураҳмон Жомийдай буюк ижодкорлардан кейин хамсачиликни янги босқичга олиб чиқиш осон бўлмагани аён. Ҳазрат Алишер Навоий буюк салафларини такрорлаш у ёқда турсин, уларга эътирозларини билдиради. Жумладан, улар Хусрав образи талқинида “Ки мулки андоғу ойини мундоқ, сипоҳи андоғу тамкини мундоқ” тарзида мақтовни ҳаддан оширганини танқд қилади. Ўз асарини “Фарҳод ва Ширин” деб атар экан, ўз ижод мезонидан келиб чиқиб, бош қаҳрамонликка Хусравни эмас, Фарҳодни танлайди. Баҳром образи талқинида ҳам 1) унда мояи дард йўқлиги ва ишқ оташидан маҳрумлиги; 2) етти қаср қуриб, ишрат суриши ва маст-аласт ҳолда афсона тинглашида ҳақиқатга номувофиқлик кўради. “Сабъаи сайёр” сюжети ва композициясини навоийёна асосга қуради.

Бу таҳлиллар буюк мутафаккирнинг ижодда тақлидни қоралаши ва ҳар бир шоиру адибнинг ўз йўли, услубини яратиши зарурлиги ҳақида эътиборли фикрларни билдириш баробарида, ўз асарлари билан буни амалда ҳам исботлаганини кўрсатади.

Умуман, ҳазрат Алишер Навоийнинг ижод табиати ва ижодкор масъулияти ҳақидаги адабий-эстетик қарашлари наинки улуғ шоир яшаган давр, балки барча замонлар учун ҳам бирдай аҳамиятлидир. Зеро, адабиёт оламига қадам қўйган ҳар бир ёш шоир ёки адиб буюк мутафаккир ижод лабораториясига қанчалик чуқур кирса, сўз санъати сирларини нечоғлик теран ўрганса, ижодда шунчалик камолга эришади. Бу эса, ўз навбатида, миллий адабиётимиз равнақига муносиб ҳисса қўшадиган, салоҳияти юксак ижодкорларнинг янги авлоди шаклланишига олиб келади.

Нурбой ЖАББОРОВ,
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат
ўзбек тили ва адабиёти университети
кафедра мудири, филология фанлари доктори, профессор