
Нафосат ва гўзаллик, янгиланиш ва яшариш айёми – Наврўзи олам юртимизда яна бир қувонли шодиёна – маҳалла тизими ходимлари кунига уланмоқда. Бунинг ўзига хос рамзий маъноси ҳам борки, айнан Наврўзга ярашган меҳру оқибат, бағрикенглик, аҳиллик, саховат каби халқимизнинг азалий қадриятлари айнан маҳаллада яққол кўзга ташланади.
Наманган шаҳридаги “Шердор” тантаналар мажмуасида айни шу сана муносабати билан ўтказилган байрам тадбирига вилоят Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари вакиллари, меҳнат фахрийлари, шаҳар ва туманлардаги фидойи маҳалла фуқаролар йиғинларининг раислари, ҳоким ёрдамчилари, хотин-қизлар фаоллари, ички ишлар профиликтика инспекторлари, ёшлар етакчилари, мазкур тизим ҳамкор ташкилотлари мутасаддилари таклиф қилинди.

Тадбирда Наманган вилояти ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов маҳалла тизимида жонбозлик билан хизмат қилиб келаётган соҳа фидойиларини юртимизга ярашган қўшалоқ байрам билан табриклаб, эзгу тилакларини билдирди. Ҳукуматимиз томонидан ўзини ўзи бошқариш институтини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан маҳаллаларда “кучли бешлик”, яъни раисдан тортиб ёшлар етакчисигача хайрли мақсадлар атрофида жипслашган ҳолда, муайян ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда муносиб ҳисса қўшаётганлигини таъкидлади. Маҳалла обод бўлса – юрт обод бўлади. Маҳаллада ўзгариш бўлса, бутун жамият ўзгаради. Айни шу боисдан ҳам сўнги йилларда халқ билан давлат ўртасидаги ишончли кўприк вазифасини бажарадиган ўзига хос ноёб тузилма — маҳаллага қаратилаётган эътибор беқиёс.

Эътироф этиш жоиз, бугунги кунда Наманган вилоятида 791 та маҳалла фуқаролар йиғини фаолият юритиб, уларда хизмат қилаётган тўрт мингга яқин ходимлар ҳар бир оилада ва бутун жамиятда соғлом маънавий муҳитни мустаҳкамлаш, ёш авлодни инсоний фазилатлар руҳида камол топтириш, турли можаро ҳамда оилавий низоларнинг олдини олиш каби кўплаб масъулиятли вазифаларни шараф билан бажариб келмоқда.
Тадбирда, маҳалла тизими ходимлари куни муносабати билан Президент фармонига асосан давлатимизнинг юксак мукофотларига муносиб кўрилган тўрт нафар наманганлик ҳамюртимизга орден ва медаллар топширилди. Шунингдек, соҳада алоҳида ибрат намунасини кўрсатаётган бир гуруҳ ходимларга “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишони ва эсдалик совғалари берилди. Эътиборлиси шундаки, вилоятдаги барча маҳалла раислари Президент совғаси сифатида 5 миллион сўм миқдорида пул мукофотлари билан тақдирланди.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА