English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Музлатгич кафолат муддатида бузилиб қолса...
15:18 / 2022-09-29

Маҳсулот, иш ёки хизматни шахсий истеъмол, фойда олиш билан боғлиқ бўлмаган бошқа мақсадларда сотиб оладиган, буюртма қиладиган фуқаро истеъмолчидир.

Шунингдек, истеъмолчи товар (иш, хизмат) ҳақида, уни ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) ҳақида ишончли ва тўлиқ маълумот олиш, товар (иш, хизмат)ни эркин танлашга ва унинг тегишли даражада сифатли, хавфсиз бўлишини, сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) томонидан етказилган зарарнинг қопланишини талаб қилиш, бузилган ҳуқуқларини тиклаш бўйича судга ёки ваколатли органларга мурожаат этиш ҳамда истеъмолчиларнинг жамоат бирлашмаларини тузиш ҳуқуқига эга. 

Масалан, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига фуқародан келган мурожаатга кўра, кафолат муддатида бузилиб қолган музлатгични сервис маркази 20 кунда таъмирланишини айтди. Бу вақт оралиғида истеъмолчига фойдаланиб туриши учун бошқа музлатгич бериладими? 

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги бошқарма бошлиғи Ботир Шарипов мазкур савол юзасидан қуйидагиларни маълум қилди. 

— Ўзбекистон Республикасининг «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунининг 15-моддасига асосан узоқ муддат давомида фойдаланиладиган товарни таъмирлашга кетадиган вақтда фойдаланиб туриш учун истеъмолчининг талабига биноан нуқсонли товар қайтариб берилганидан кейин уч кун ичида унга айни шундай маркали (моделли, артикулли) товар бериб турилади (сотувчининг ҳисобидан унинг ўзи ёки вакили элтиб беради). Бунинг учун ишлаб чиқарувчи сотувчи билан биргаликда шартнома асосида товарларнинг алмашув фондини назарда тутишлари шарт. Мазкур талаблар татбиқ этилмайдиган узоқ муддат давомида фойдаланиладиган товарлар рўйхатини Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати белгилайди.

Сотувчи истеъмолчининг таъмирлашга кетадиган вақтда фойдаланиш учун шундай товарни бериб туриш ҳақидаги талабини бажариш кечиктирилган ҳар бир кун учун, шунингдек, нуқсонларни бартараф этишнинг шартномадан келиб чиқадиган муддатларидан ортиқ кечиктирилган ҳар бир кун учун товар нархининг бир фоизи миқдорида истеъмолчига пеня тўлайди.

Истеъмолчининг ҳуқуқлари бузилган тақдирда, у судга мурожаат қилишга ҳақлидир. Даъволар агар қонунларда бошқача қоида белгиланмаган бўлса, жавобгар истеъмолчи жойлашган ердаги ёки зарар етказилган жойдаги судга тақдим этилади.

Истеъмолчилар ўз ҳуқуқларининг бузилиши билан боғлиқ даъволар бўйича, шунингдек, товарлар хавфсиз бўлиши уларнинг сифати устидан назоратни амалга оширувчи давлат органлари, истеъмолчиларнинг жамоат бирлашмалари истеъмолчининг манфаатларини кўзлаб қўзғатиладиган даъволар бўйича давлат божи тўлашдан озод қилинади. 

 

Муҳайё Тошқораева, 

ЎзА