English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мурожаатномадан келиб чиқувчи вазифалар белгилаб олинмоқда
15:46 / 2022-12-21

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларининг йиғилишлари бўлиб ўтди. Уларда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасидан келиб чиқадиган устувор вазифалар белгилаб олинди. Шунингдек, “2023 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокама этилди.

Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг йиғилишида  Мурожаатноманинг мазмуни ва аҳамияти борасида сўз борар экан, асосий эътибор қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, иқтисодиётни ривожлантириш билан бирга, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасига оид жиҳатларга қаратилди.  

— Президентимиз Мурожаатномасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда аҳоли саломатлигини сақлаш соҳасида келгусида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар белгилаб берилди, — деди фракция раҳбари Х.Ғаффоров. — Экология, айниқса, сув масалалари глобал муаммога айланиб бораётгани ҳақида сўз юритилар экан, нафақат бугунги, балки келажак авлодларни ҳам ўйлаш зарурлиги қайд этилди. Мурожаатномада давлатимиз раҳбари экологик муаммоларни бартараф этишда маҳалланинг ролини кучайтириш масаласига тўхталар экан, табиатимизни асраб-авайлаш, сув, ҳаво ва атроф-муҳитни тоза тутиш келаси йилда ҳар бир маҳалла аҳолисининг маданияти ва амалий ҳаракатига айланиши кераклиги, экологик ҳолатни янада яхшилаш учун экология ва атроф-муҳитни асраш бўйича саъй-ҳаракатлар, хусусан, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги ишларни кучайтириш лозимлиги таъкидланди. Бу борадаги вазифаларни, умуман Мурожаатноманинг мазмун-моҳиятини аҳолига тушунтиришимиз, унда белгилаб берилган вазифаларни парламент назорати шаклларидан фойдаланган ҳолда сифатли ижро этилиши юзасидан вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликни йўлга қўйишимиз лозим.    

Йиғилишда Мурожаатнома бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилиб, фракция олдидаги устувор вазифалар белгилаб олинди.    

Шундан сўнг “2023 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокама этилди. Лойиҳага кўра, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида суғориш тизимларини жорий этиш учун 50 миллиард сўм, чиқиндилар билан боғлиқ ишларни ташкил этишга 120 миллиард сўм, суғориладиган ерларнинг шамол эрозиясига ва сув хўжалиги объектларининг қум босишига қарши иҳота дарахтзорлари барпо этиш учун 88 миллиард сўм ажратилиши депутатлар томонидан ижобий баҳоланди.  

ЎзМТДП фракциясининг йиғилишида ҳам “2023 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокама қилинар экан, фракциянинг таклифи билан бюджетномага жиддий ўзгаришлар киритилаётганига эътибор қаратилди.    

— 2023 йилги бюджетномада фракциямиз томонидан билдирилган аксарият таклифлар эътиборга олинган, — деди фракция аъзоси Жамшид Қосимов. — Жумладан, нодавлат-нотижорат ташкилотларини молиялаштириш учун 80 миллиард сўм ажратиш режалаштирилган эди. Фракциядошларимизнинг таклифи билан энди бу маблағ 200 миллиард сўмга оширилди. “Эл-юрт умиди” жамғармаси учун ажратиладиган маблағ ҳам 165 миллиарддан 200 миллиард сўмга оширилди. Ўтган фракция йиғилишида депутатлар аҳолини уй-жой билан таъминлаш учун ажратилаётган маблағ етарли эмаслигига эътироз билдирган эди. Шунингдек, мактабгача таълим тарбиячилари иш ҳақини ошириш масаласи ҳам кўтарилган эди. Ҳозир ушбу масалалар масъуллар томонидан қайта кўриб чиқилмоқда.  

Йиғилишда бюджет лойиҳаси юзасидан яна бир қатор таклифлар билдирилди.    

Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг парламентга ва халқимизга йўллаган Мурожаатномаси юзасидан ҳам фикр-мулоҳаза ва муносабатлар билдирилиб, ундан келиб чиқувчи вазифалар белгилаб олинди.    

 

Муҳтарама Комилова,  

ЎзА