
Бу ҳақда “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида давом этаётган Президент Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан очиқ мулоқотида маълум қилинди.
–Ҳар бир банд бўйича аниқ молиявий манбалар, техник ечимлар ва амалий механизмлар белгиланди. Биринчи йўналиш – мурожаатларнинг 55 фоизи, бирламчи тиббий хизматларни аҳолига яқинлаштириш ва уларнинг тармоғини кенгайтириш билан боғлиқ,– деди Президент. – Мисол учун, Каттақўрғон туманидаги Жизмон маҳалласи аҳолиси тиббий хизматлар учун 48 километр масофани босиб, туман марказига боришга мажбур бўлмоқда, Вобкентдаги 3 мингдан зиёд аҳоли яшайдиган Бозор жойи маҳалласида оилавий поликлиника мавжуд эмас, олис ва чекка ҳудудлар аҳолиси оилавий шифокор пунктларида врачлар етишмаслиги сабабли, зарур тиббий хизматлар олиш имконияти йўқлиги ҳақида шикоят қилган (1,5 мингта мурожаат). Ҳақиқатан ҳам, 56 та тумандаги 243 та олис ва чекка маҳаллада 562 та шифокор лавозими вакант бўлиб турибди. Ёки, Мингбулоқ туманидаги 4 та оилавий шифокор пункти ходимлари ҳар ҳафтада 10 километрдан узоқ масофада жойлашган 15 та маҳалладаги 750 нафар беморни уйига бориб, кўрикдан ўтказишга мажбур бўлмоқда.
Ҳолбуки, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсиясига кўра, бирламчи тиббий хизмат пункти 3 километр узоқликда ёки пиёда боришда 20 дақиқалик масофани ташкил этиши керак.
Шу боис жойларда фуқароларимизга тез, қулай ва сифатли тиббий хизматларни кўрсатиш бўйича, алоҳида манзилли чора-тадбирлар амалга оширилиши белгиланган. Бунинг натижасида 85 фоиз муаммоларни бирламчи тиббиёт муассасаларида ҳал қиладиган тизим яратилади.
Авваламбор, жойларда поликлиникалар тармоғи янада кенгайтирилади.
Жумладан:
- 2022 йилда 136 та ва 2023 йилда яна 140 та янги поликлиника фаолияти йўлга қўйилади;
- 2023 йилдан бошлаб, жойлардаги поликлиника филиаллари негизида 1 минг 100 та оилавий шифокор пункти ташкил этилади.
Шу тариқа қарийб 1 миллион нафар аҳоли тиббий хизмат билан қамраб олинади. Шунингдек, 2 мингдан зиёд олис ва чекка маҳаллаларда тиббиёт пунктлари ташкил этилади.Улар орқали олис ва чекка ҳудудлардаги 4 миллион нафар аҳолига бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш йўлга қўйилади.
ЎзА