
Давлатимиз раҳбарининг Фарғона водийси вилоятларига ташрифи ҳар жиҳатдан самарали кечди. Президентимиз ташриф чоғида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ёшларга касб ўргатиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш бўйича бир қатор вазифаларни белгилаб берди, энергетика билан боғлиқ муаммоларга алоҳида эътибор қаратди.
Мазкур ташриф доирасидаги мақсад-вазифалар кенг жамоатчилик томонидан ўрганилиб, фикр-мулоҳаза ва муносабатлар билдирилмоқда. Жумладан, ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари Дилшод Шоумаров ташриф якунлари юзасидан ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди:
— Президентимизнинг водий вилоятларига ташрифи чоғида моҳият-эътибори билан халқ фаровонлиги ошиши, иқтисодиёт мустаҳкамланишига хизмат қиладиган кўплаб топшириқлар берди, — дейди Д.Шоумаров. — Бир жиҳатни алоҳида қайд этишни истардик: ташриф мобайнида Президентимизнинг аҳоли талаб-эҳтиёжини яхши билиши, соҳа, тармоқларни янада тараққий эттириш учун қандай чора-тадбирлар амалга оширилиши зарурлигидан тўла-тўкис хабардорлиги ва тегишли топшириқлар бериб, улар бажарилишини талаб қилиши яна бир бор яққол намоён бўлди.
Табиий газ, нефть, кўмир захиралари чеклангани барчамизга маълум. Уларни қазиб олиш йилдан йилга қийинлашяпти, шу боис нархлари тобора қимматлашяпти. Устига-устак, мазкур ёқилғилардан фойдаланиш табиатга кўп зиён келтиради. Аҳоли сони ва корхоналар кўпайиб бораётган шароитда энг мақбул йўл – қайта тикланувчи энергия манбаларидан унумли фойдаланиш. Мамлакатимизнинг бу борадаги улкан салоҳиятига кўплаб давлатлар ҳавас қилади. Мисол учун, ўлкамизда йилнинг ўртача 320 куни қуёшли. Доим шамоллар эсувчи ҳудудларимиз, сой, анҳорларимиз ҳам бисёр. Халқаро молия институтларининг ҳисоб-китобига қараганда, республикада муқобил энергия (айниқса, қуёш қуввати)нинг йиллик захираси 270 миллион тонна шартли ёқилғи эквивалентига тенг. Бу реал эҳтиёжимиздан уч баробар кўп. Демак, имкониятлардан самарали фойдалана олсак, марра бизники.
Кейинги йилларда соҳага хорижий инвесторлар жалб этилиб, кўплаб истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқилди. Бирин-кетин қуёш ва шамол электр станциялари, кичик ГЭСлар ишга тушириляпти.
Ташрифда мазкур йўналишга алоҳида эътибор берилгани, Андижон туманида қайта тикланувчи энергия манбаларини оммалаштириш чоралари бўйича йиғилиш ўтказилгани “яшил иқтисодиёт”га ўтиш йўлидан қайтмаслигимиз, бу йўналишда изчил, айни вақтда жадаллик билан иш олиб бораверишимиздан далолат. Йиғилишда муқобил йўсинда энергия ишлаб чиқариш бўйича тегишли йўл-йўриқлар берилди, аниқ вазифалар, чоралар белгиланди.
Шу ўринда қайд этиш лозимки, партиямиз дастурий мақсадлари сирасидан қайта тикланувчи ва муқобил энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда электр энергиясини ишлаб чиқариш, қуёш, шамол энергиясидан синалган технологиялар асосида генерацияланувчи қувватларни, микрогидроэлектростанцияларни қуришга тадбиркорлик субъектларини жалб қилиш масалалари ҳам ўрин олган. Шунингдек, энергия ресурсларига тежамкор муносабатда бўлиш, энергияни тежовчи технологиялар ва муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни аҳоли орасида тарғиб қилиш ҳам устувор вазифаларимиздан. Шу боис ҳам ЎзЛиДеП ташриф давомида бу йўналишда берилган топшириқлар ижроси юзасидан махсус режа ишлаб чиқиб, уни бажаришга киришди.
Аввало, энергия ресурсларини иқтисод қилиш, муқобил энергетикани ривожлантириш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини оммалаштириш йўналишида ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзоларидан иборат ишчи гуруҳлар ташкил этилди.
Мазкур ишчи гуруҳларга партия ходимлари ва ҳамкор ташкилотлар вакиллари бириктириляпти ҳамда вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ҳудудларда ўрганишлар ташкил этиляпти. Чорак якунлари бўйича ҳар бир ишчи гуруҳ томонидан амалга оширилган ишлар Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитасининг йиғилишларида муҳокама қилинади.
Парламент қуйи палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси ва халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги депутатларимиз ҳудудларда энергия самарадорлигини ошириш, муқобил энергияни ривожлантириш юзасидан муҳокамалар ўтказиб, соҳадаги тизимли муаммолар ечимлари бўйича амалдаги қонунчиликка таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқадилар. Шунинг баробарида таъсирчан депутатлик ва жамоатчилик назорати ўрнатилиб, идоравий масъул ижро органлари раҳбарлари ахборотлари эшитувлари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сессиялари кун тартибига масалалар киритилиши ташкил этилади.
Партия ҳудудий кенгашлари томонидан давлат дастурлари доирасида амалга ошириладиган муқобил энергетика иншоотлари қурилиши жараёнлари мониторинг қилиниб, жамоатчилик назорати ўрнатилади, қилинаётган ишлар мунтазам равишда жамоатчиликка етказилади. Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларида шамол электр станцияларини жойлаштириш ва қуриш учун жойлар аниқланади ва мутасадди ташкилотлар билан биргаликда шамол оқимлари йўналишлари таҳлил қилинади.
Андижонда 41 та, Наманганда 32 та ва Фарғонада 27 та микро гидроэлектр станция қуриш имконияти мавжуд бўлган манзилларда лойиҳа ташаббускорлари аниқланишига кўмаклашилмоқда ҳамда жамоатчилик назорати ўрнатилмоқда. Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларида фаолият юритаётган корхоналарда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни ташкил қилиш юзасидан тарғибот тадбирлари ташкил қилинмоқда. Аҳоли хонадонларида қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш юзасидан тарғибот ишлари йўлга қўйилмоқда.
Мухтасар айтганда, партиямиз куч ва имкониятларини ишга солиб, мамлакатимизда муқобил энергетикани ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни амалий ишлар билан қўллаб-қувватлайди.
Муҳтарама Комилова ёзиб олди.
ЎзА