English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Муносабат: тизимни такомиллаштириш, янгича ишлаш даври келди
15:15 / 2022-12-21

Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига қилган мурожаатномаси ҳар бир ватандошимиз ҳамда ҳар бир соҳа вакили ҳаётида муҳим янгилик бўлди. Айниқса, халқ таълими тизими вакиллари учун алоҳида аҳамият касб этди.

Эътироф этиш жоизки, охирги олти йил мобайнида барча соҳалар қатори мактаб таълимини ривожлантириш, жамиятда ўқитувчи нуфузини ошириш борасида мамлакатимизда улкан ислоҳотлар амалга оширилди. Ёшларимизнинг сифатли таълим олиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида бу даврда қўшимча 500 минг ўқувчи ўрни яратилиб, уларнинг жами сони 5 миллион 300 мингга етди. Айни пайтда эса яна 1 миллион 200 минг ўқувчи ўрни яратиш бўйича ишлар жадал давом эттирилаётганлиги айтиб ўтилди.  

Бухоро вилояти мисолида оладиган бўлсак, биргина 2022 йилда умумтаълим мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва инфратузилмасини яхшилаш мақсадида инвестиция дастури, “Обод маҳалла” ва “Обод қишлоқ” дастурлари асосида вилоятдаги 43 та мактабда қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари олиб борилди. Ушбу мақсадлар учун 191,2 миллиард сўм маблағ ажратилди. 459 та мактабларнинг 11 565 та синф хоналарини янги ўқув йилига тайёрлаш учун маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 2 миллиард 311 миллион сўм ажратилди. Ажратилган маблағлар ҳисобидан мактабларда жорий таъмирлаш ишлари бажарилди. Яратилаётган ана шундай имкониятларнинг самараси ўлароқ, бугун ёшларимиз жаҳон майдонларида мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилмоқда.  

Хусусан, жорий йилда бухоролик ўқувчиларнинг 8 нафари халқаро, 7 нафари республика фан олимпиадаларида ғолибликни қўлга киритди. Президентимизнинг 2023 йилга юртимизда “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб ном бериш борасидаги таклифлари тизимга берилаётган эътиборнинг яна бир юксак намунаси бўлди. Давлатимиз раҳбари 2023 йилдаги энг устувор йўналишларга тўхталиб ўтар экан, биринчи навбатда, эътибор Янги Ўзбекистон учун энг катта инвестиция бўлган таълимни қўллаб-қувватлашга қаратилишини таъкидлади. Ўқитувчиларнинг мақомини, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишни Конституцияда алоҳида белгилаш зарурлигини қайд этди.  

Айтиш жоизки бу биз тизим ходимларини ниҳоятда қувонтирди, шунинг баробарида зиммамиздаги масъулиятни янада оширди. 2023 йилдан мактаб таълимини халқаро таълим дастурлари асосида бутунлай ислоҳ қилиш даври бошланиши эса биздан янада фидойи бўлишни, ўз устида изланишни, салоҳиятимизни оширишни талаб этади. Мазкур дастурга мувофиқ, бошланғич синфларда мутлақо янги методика асосида яратилган дарсликлар бўйича ўқитиш йўлга қўйилади. Фарзандларимиз мактабдан она тили ва камида 2 та чет тилларини пухта ўзлаштириб, компьютерда ишлашни, касб-ҳунар ўрганиб чиқади. Шунингдек, уларни санъат ва маданиятга бўлган қизиқишларини оширишга ҳам алоҳида аҳамият қаратилишида ёшларимизнинг ҳар томонлама баркамол инсонлар қилиб тарбиялашдек эзгу мақсад мужассамдир.  

Келгуси йил 70 та янги мактаб қурилиши, 460 таси кенгайтирилиши, хусусий инвестициялар иштирокида 100 та мактаб қуриш лойиҳалари бошланиши ва келаси беш йилда уларнинг сони 1 мингтага етказилиши тизимда мавжуд имкониятларни янада кенгайтириб, таълим сифатини яхшилашга хизмат қилади. Қорақалпоғистон ва Хоразмда йўлга қўйилган бошланғич синф ўқувчилари учун бепул овқатланиш амалиёти келаси ўқув йилидан қолган вилоятлар ва Тошкент шаҳри мактабларида ҳам жорий этилиши эса ўқувчиларимизнинг сифатли таълим олишлари билан бир қаторда соғлом овқатланишларини таъминлаш имкониятини беради.  

Бир сўз билан айтганда, кириб келаётган 2023 йил халқ таълими тизими учун ҳам, шубҳасиз, ислоҳотларга бой мутлақо янгича давр бўлади.  

 

Фаррух Қурбонов,  

Бухоро вилояти халқ таълими  

бошқармаси бошлиғи ўринбосари  

ЎзА