English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мен қондаги қанд миқдорини текширдим, сиз-чи?
06:56 / 2022-12-01

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, ҳозирги кунда дунёда 400 миллион нафардан зиёд киши қандли диабетга чалинган. Таҳлилларга кўра, ушбу кўрсаткич 2030 йилга бориб 550 миллиондан ошиши мумкин.

Сирдарёда вилоятида ҳам 10 минг 600 нафардан киши қандли диабет билан диспансер назоратига олинган. Охирги 3 йилда бу касаллик сони бир мунча ортган. Биргина жорий йилнинг ўзида сирдарёлик эндокринологлар томонидан диабет ва диабет олди ҳолатлари учун вилоятнинг шаҳар ва туманларида ўтказилган мақсадли скрининг текширувларда  131 минг 638 нафардан ортиқ аҳоли қамраб олинган. Уларнинг 1778 нафарида қандли диабет, 4720 нафарида диабет олди ҳолати, 8370 нафарида семизликка мойиллик  ҳолатлари аниқланган.

Маълумки, соҳадаги мавжуд муаммоларни ҳал қилиш ва эндокрин касалликларнинг олдини олиш, эрта ташхислаш ва даволаш мақсадида ишлаб чиқилган Миллий дастур доирасида  “Йўл харитаси” белгиланган.

 – Олиб борилган тадқиқотлар, ўрганишлар натижасида вилоятда қандли диабет билан касалланган беморлар сони келгусида 2-3 мартага ошиши мумкин, – дейди Гулистон тиббиёт кластери эндокринология-терапия бўлими мудири Хушнида Яссакова. — Бу ҳолатни олдини олиш мақсадида ҳар бир ҳудуддаги "саломатлик мактаблари"да, маҳаллалардаги беморларга, шунингдек, диабетга мойиллиги бор, ортиқча вазнли аҳолига касалликни бошқариш ўргатилмоқда. Мисол учун шифохонамизда "болалар диабет мактаби" ташкил этилиб, 1-6 ёшгача диабети бор болаларнинг ота-онасига, 7 ёшдан 18 ёшгача бўлган болалар ва ўсмирларга диабет билан яшашни ўргатиш, яъни ўз касаллигини бошқариш, инсулин қабул қилиш, тўғри овқатланиш, спорт билан шуғулланишга ўргатиш йўлга қўйилган.

 Ноябрь – "Қандли диабет" ойлиги доирасида Гулистон шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли марказий поликлиникада ҳамда А. Навоий номли вилоят Ахборот компьютер кутубхонасида "Мен қондаги қанд миқдорини текширдим. Сизчи?" акцияси ўтказилди. Акция доирасида аҳолининг 40 ёшдан 65 ёшгача бўлган вакиллари қонда қанд миқдорини аниқлаш ҳамда малакали эндокринолог кўриги ва керакли тавсияларига эга бўлишган эди. Бундай тадбирлар эса жойларда давом этмоқда.

Ш.Суяров,

ЎзА.