Бухоро вилояти Жондор туманидаги Ушот маҳалласида 4 мингдан зиёд аҳоли яшайди. Бу ерда яшовчи аҳоли томорқадан унумли фойдаланиш, тадбиркорлик ҳаддисини олган.
Ушот маҳалласида ҳунармандчилик, деҳқончилик, иссиқхона, чорвачилик ва тадбиркорлик ривожланган. 712 та хонадоннинг барчасида ўртача 9-10 сотихдан томорқаси бор. Юздан ортиқ хонадонда иссиқхона ташкил этилган.
Жорий йилнинг апрел ойида замонавий маҳалла гузари, оилавий поликлиника, ҳунармандчилик маркази, гўзаллик салони, маиший хизмат кўрсатиш ва тадбиркорлик объектларининг қурилгани маҳалла аҳлини жуда хурсанд қилди. Йўлаклар тартибга келтирилиб, ободонлаштирилди, болалар ўйингоҳлари ташкил қилинди. Учта кўча асфальтланди, битта болалар боғчаси қурилди. Маҳалла кўчаларига 100 дан зиёд тунги ёритгичлар ўрнатилди. Бу ерда маҳалла еттилиги – маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, солиқ ходими ва ижтимоий ходим фаолият юритиши учун барча шароит яратилди. Битта мактаб, тўртта болалар боғчаси, ўнлаб тадбиркорлик ва фермер хўжаликлари фаолият юритмоқда.
Маҳалладаги ҳунармандчилик марказида 150 дан зиёд хотин-қизнинг бандлиги таъминланган. Улар каштачилик, зардўзлик, тикувчилик ва қандолатчилик билан шуғулланади. Айниқса, бу ерда ҳунармандчиликнинг тандирчилик йўналиши ривожланган. 258 та хонадон тандирчилик билан шуғулланади.
Масалан, маҳаллада яшовчи Ғайбулла Мўминов тандирчилар сулоласининг бешинчи авлоди ҳисобланади. Ҳунарманд оила аъзолари ва шогирдлари билан йилига 1600 та тандир тайёрлаб сотади. Тандир учун тупроқ тумандаги Ўрта чўл массиви ҳудудидан келтирилади. Бу тупроқдан ясалган тандир тез қизийди, иссиққа чидамли ва кам ўтин сарфланади. Шу боис харидоргир. Ҳунарманд ички бозордан ташқари, Россия, Қозоғистон, Латвия, Литва, Эстония каби давлатларга ҳам маҳсулот етказиб беради.
– Энг яхши тандир буғдой ўрими пайтида ясалади, – дейди ҳунарманд тандирсоз Ғайбулло Мўминов. – Чунки жазирама иссиқ кунда лой яхши қурийди. Такрор ишловдан сўнг заранг қотган тандирни чертиб кўрсангиз, жарангдор овоз чиқаради. Харидорлар эса тандирни айнан жаранглаган овозига қараб танлашади.
Бугунги кунда ҳам тандирсозлик ҳунари эскирмаган, “устоз-шогирд” анъанаси асосида навқирон авлод қўлида сайқал топмоқда. Биргина Ушот қишлоғида 150 дан зиёд оила ушбу касб-кор билан шуғулланмоқда. Улар томонидан ҳар йили 20 минг донадан зиёд тандир тайёрланиб, нафақат вилоят туманлари, маҳалла ва қишлоқларига, бошқа вилоятларга ҳам буюртма асосида етказилмоқда. Тандирсозликдан оладиган бир йиллик даромади 340 миллион сўм. Бундан ташқари, деҳқончилик, асаларичилик ва чорвачиликдан ҳам яхшигина фойда кўради.
[gallery-17663]
Ҳунарманд Қурбон Жабборов хонадонида эса бир йилда 1300 та тандир тайёрланади. Олти нафар хонадон эгаси бандлиги таъминланган, асосий даромад тандирчиликдан. Яъни, бир йилда 348 миллион сўмлик маҳсулот сотади. Хонадондаги кичик иссиқхона, асаларичиликдан ҳам қўшимча даромад олади.
Зариф Комилов,
Носир Ҳайдаров (сурат), ЎзА мухбирлари.