Ёшларга муносиб меҳнат шароитларини яратиш ва меҳнатга оид қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилиш орқали уларнинг иқтисодий ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, 2022 йил 4 март санасида Президент Шавкат Мирзиёев раислигида “Талабаларнинг ишлаб, даромад топиши учун қўшимча имкониятлар яратиш” мавзусида ташкил этилган видеоселектор йиғилишида таъкидланганидек, ҳозирги кунда олийгоҳларда 510 минг нафар талаба кундузги шаклда ўқимоқда. Давлат раҳбарининг топшириғига мувофиқ, ректорлар, талабалар ўртасида суҳбат ва сўровномалар ўтказилган.
Маълумот берилишича, ҳозирги кунда талабалар ишлаши мумкин бўлган 105 минг вакант иш ўринлари мавжуд. Йиғилиш давомида ишлашга эҳтиёжи бор талабаларга ёрдам бериб, улар бандлигини таъминлаш шартлиги таъкидланди.
Шу мақсадда, ишлашга эҳтиёжи бор талабаларга ёрдам бериб, уларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашиш мақсадида Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент филалида ноодатий форматдаги “Очиқ эшиклар куни” ўтказилиб, тадбир доирасида “Янги Ўзбекистонга – янги мутахассислар” рамзий номи остида бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил этилди.
Бўлажак кадрлар мамлакатимиз компанияларининг тақдимотлари билан танишиш, энг муҳими, иш берувчилар билан бевосита мулоқот қилиш ва ўзлари учун барча керакли маълумотларни олиш имконига эга бўлди. Ушбу ярмаркада “Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти ҳам иштирок этиб, талабаларга вакант лавозимларини таклиф этди.
“Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти Ходимлар билан ишлаш департаменти мутахассислари томонидан Университет талабалари билан суҳбат ўтказилиб, Банкда мавжуд иш ўринларини иқтидорли ёшлар билан тўлдириш ва етук мутахассисларни тайёрлаш мақсадида ишга қабул қилиш танлов асосида амалга оширилиши тушунтирилиб, талабгорларнинг маълумотномалари йиғиб олинди. Суҳбат давомида Банк мутахассислари томонидан номзодларга ишга қабул қилиш тартиб-қоидалари ва иш ҳақи тўланадиган амалиёт ўташ шартлари ҳамда Банк томонидан яратиб бериладиган имкониятлар ҳақида тўлиқ маълумот берилди. Шунингдек, “Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамиятида устоз-шогирд анъанаси йўлга қўйилгани ва ишга қабул қилинган талабаларга малакали мутахассис бўлиб шаклланиши учун зарур имкониятлар берилиши алоҳида таъкидланди.
Таъкидлаш керакки, бу каби ярмаркалар талабаларнинг ижодий ва интеллектуал салоҳиятини амалга ошириш учун зарурий шарт-шароитлар яратиш, олий таълим ва ишлаб чиқаришнинг ўзаро интеграциясини таъминлаш, талабаларнинг олий таълим муассасаларида эгаллаган назарий билимларини амалиётда тадбиқ қилишлари учун кенг имкониятлар беради. Зеро, мамлакатимизда “Янги Ўзбекистон”ни барпо этишдек улуғ мақсадга эришиш йўлида асосий таянчимиз бўлган азму-шижоатли ёшларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, уларга барча соҳаларда ўз иқтидори ва салоҳиятини тўлиқ намоён этиши учун зарур шароит ва имкониятлар яратиб бериш давлат сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади.
“Ўзмиллийбанк” АЖ матбуот хизмати