Орамиздаги одамлар
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Собит Тоиров 90 ёшга тўлди.
1932 йилнинг 15 апрелида Тошкент шаҳрида туғилган Собит Тоиров 1949 йили ўрта мактабни битириб, Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика бўлимида, кейин Москва давлат университетининг журналистика факультетида таълим олди.
Дастлаб “Қизил Ўзбекистон” республика газетасида иш бошлаган Собит ака 1962 йилдан ЎзТАГ(ҳозирги Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига – ЎзА)га таржимон бўлиб ишга ўтади. Таржимон, бўлим мудири, Таржима таҳририяти бош муҳаррири сифатида 31 йил давомида ЎзАда фаолият кўрсатади.
Собит Тоиров босиб ўтган узун ҳаёт ва меҳнат йўли бугунги ёшларга ибратдир.
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида Собит Тоировнинг 90 ёшга тўлиши муносабати билан тадбир бўлиб ўтди. Унда Собит Тоиров билан бирга ишлаган сафдошлари, шогирдлари, оила аъзолари ва ЎзА ходимлари иштирок этди.
–Умримнинг асосий қисми ЎзА(ЎзТАГ) билан боғлиқ, – дейди Собит Тоиров. – Ўша йиллар ҳаётимнинг энг гўзал, серзавқ даврлари бўлган. Кечаю кундуз ишлаб чарчамасдик. Озгина маош олсакда, ишимизга меҳримиз баланд эди. Бу ерда мен мутахассис ва инсон сифатида шаклландим, улғайдим, ҳаётда ўз йўлимни топдим. Кейин ҳам бир-икки идораларда ишладим. Лекин биронтаси ЎзАнинг ўрнини босолмайди. Ёшларга айтадиган гапим: касбларингни севинглар, меҳнатдан қочманглар.Меҳнат инсонни улуғлайди, деган гап ниҳоятда тўғри. Бунга менинг ҳаётим мисолдир.
Собит ака тўқсон ёшга тўлган бўлса-да ҳамон бардам ва тетик, ёшлардай дадил қадам ташлайди. Кайфияти,кўриниши яхши.
Тадбирда қатнашарканман, Собит ака ва сафдошларининг чеҳрасидаги хотиржамлик эътиборимни тортди, ҳавасимни уйғотди. Бу меҳнат билан ўтган мазмунли умрнинг, оиладаги тинчлик-хотиржамлик, фарзандлар камолидан, турмушдан мамнунликнинг бир ёрқин ифодасидир.
А.Тайпатов, ЎзА