English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мажид Рашид: “Тошкент-2025” Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги янги муваффақиятларига эшик очади 
18:07 / 2024-10-07

“Тошкент – 2025” ёшлар ўртасидаги Осиё ва Параосиё ўйинлари яқинлашгани сайин унинг доирасидаги ташкилий ишлар, расмий учрашувлар, халқаро спорт ташкилотлари мутасаддиларининг юртимизга ташрифи ортиб бораверади. Бу табиий ҳол, албатта.

Бундай кўламдаги мусобақа Марказий Осиё ҳудудида илк бор ташкил этилаётгани, қолаверса “кичик олимпиада” юксак эътиборга молик тадбирлиги боис, ҳар бир масала белгиланган тартибда ечим топиши бугунги куннинг муҳим вазифаси ҳисобланади. 

Шу кунларда пойтахтимизда ўтказилаётган Осиё паралимпия қўмитасининг I мувофиқлаштириш комиссияси йиғилишларида айнан “Тошкент-2025” ўйинларига тайёргарлик кўриш, спорт турлари мундарижаси, ўйинлар дастури ва бошқа масалалар кўриб чиқилмоқда. 

Куни кеча Спорт вазирлигида Осиё паралимпия қўмитасининг I мувофиқлаштириш комиссияси йиғилишларида кўрилаётган масалаларга бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди. 

[gallery-19631]

Анжуман аввалида Осиё паралимпия қўмитаси президенти Мажид Рашид, Миллий олимпия қўмитаси бош котиби, “Тошкент-2025” ўйинларини ташкил этиш дирекцияси раҳбари Ойбек Қосимов мувофиқлаштириш комиссияси томонидан кўриб чиқилаётган масалалар, пара спорт турларининг қитъадаги ривожи, Ўзбекистонда имконияти чекланган инсонларга яратилаётган шарт-шароитлар, “Тошкент-2025” ўйинларининг аҳамияти ҳақида маълумотлар берди. 

Осиё паралимпия қўмитаси президенти Мажид Рашид журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб бериш асносида Ўзбекистонда барча соҳалар жадал ривожланаётганини, олиб борилаётган ислоҳотлар инсон фаровонлиги, имкониятларини намойиш этишга қаратилганини, бунга пара спортчиларга кўрсатилаётган ғамхўрлик яққол мисол бўлишини таъкидлади. Шунингдек, “Тошкент-2025” ўйинлари янги Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги янги муваффақиятларига эшик очишини айтиб ўтди. 

Миллий олимпия қўмитаси бош котиби О.Қосимов мазкур нуфузли мусобақага олиб борилаётган катта ҳажмдаги ҳозирлик, ўйинлар дастурига киритиладиган спорт турлари ва улар ўтказиладиган объектлар, делегацияларнинг тахминий сони, транспорт-логистика, антидопинг, виза, авиақатновлар каби масалалар юзасидан ахборот берди. 

Эслатиб ўтамиз, келгуси йилнинг октябрь ойида ташкил этилиши режалаштирилган Параосиё ўйинларида бир ярим минг нафардан зиёд матонатли ва иродали пара спортчилар 10 та спорт туридаги мусобақаларда юртлари шарафини ҳимоя қилади. 

Т.Рўзиев, Рустам Назарматов (сурат), ЎзА