
«Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари доирасидаги ишлар юртимизнинг ҳар бир ҳудудини ободонлаштириш, кўркамлаштириш, аҳоли учун қулай шарт-шароитлар яратишга хизмат қилмоқда.
Бу борада 2022 йилда ҳам 413 та маҳалла ва қишлоқда ободонлаштириш ишлари олиб борилиши, 8 минг 622 та объектда қурилиш-таъмирлаш ва бошқа турдаги ишларни амалга ошириш белгиланган.
Маълумотларига кўра, 6 минг 990 та лойиҳанинг лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилган, 6 минг 852 таси экспертизадан ўтказилган, 6 минг 268 тасининг тендер савдолари якунланган, 5 минг 40 таси бўйича пудрат шартномалари тузилган.
Бугунги кунда ижтимоий соҳа объектлари – тиббиёт, умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим муассасаларида қурилиш-монтаж ишлари жадал олиб борилмоқда. Шунингдек, электр таъминоти объектларида паст кучланишли 1 минг км.дан ортиқ электр узатиш тармоқлари, 395 та трансформатор пунктлари янгиланиб, модернизация қилинди. Газ таъминоти узлуксизлигини таъминлаш бўйича 839 дона газ тақсимлаш пункти, 333,3 км. газ тармоғи тафтишдан ўтказилиб, аҳолига 3 минг 623 дона газ баллони етказиб берилган.
Бундан ташқари, 573 км. ички йўллар асфальтланиб, 1 минг 454 км. шағал, 220,8 км. цемент-бетон ётқизилган. Сув таъминотини яхшилаш бўйича 1 минг 251 км. узунликдаги ичимлик суви тармоқлари янгидан тортилиб, 109 дона сув иншооти янгидан ўрнатилган.
Ушбу йўналишдаги ишлар Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари ҳамда Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмиталари томонидан ўтказилган тадбирда атрофлича муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари ва бошқа давлат дастурлари доирасида йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация тармоқлари, ижтимоий соҳа ва бошқа инфратузилма объектларини қуриш-таъмирлаш борасидаги ишлар билан бирга, мавжуд муаммолар ҳам ҳал этилмоқда. Дастурлар ижросига масъуллар ўз вазифаларини лозим даражада бажармаганликлари учун уларга жавобгарлик ҳам белгиланмоқда.
Хусусан, Бош прокуратура томонидан ўтказилган назорат тадбирларида дастурлар ижросига масъул бўлган 400 нафардан ортиқ мансабдор шахслар расман огоҳлантирилган, қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш юзасидан 49 та тақдимнома киритилган, дастур ижроси бўйича масъулиятсизликка йўл қўйган 179 нафар мансабдор шахс интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилган.
Муҳокамаларда сўз олган депутатлар соҳадаги амалий ишларни эътироф этган ҳолда, дастурлар доирасида ҳудудларда қурилиш, ички йўллар, газ таъминоти, транспорт қатнови ва ободонлаштириш каби ишларни якунлашга етарлича эътибор қаратилмаганлигини қайд этдилар. Масъул идоралар томонидан вазиятни ўнглаш юзасидан аниқ чоралар кўрилмаётганлиги танқид қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА