English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мактаб формаси ва ўқув қуроллари совға қилинди
16:08 / 2023-08-20

“Вақф” хайрия жамоат фонди Андижон вилояти филиали томонидан Олтинкўл туманида истиқомат қилаётган 20 нафар эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларига, ногирон болаларга мактаб формаси ва ўқув қуроллари совға қилинди.

Президентимизнинг 2023 йил 27 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида” ги қарорида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш, шунингдек, аҳоли ўртасида динимизга хос эзгулик, инсонийлик, саховат, меҳр-оқибатлилик фазилатларини кенг тарғиб этиш мақсадида “Вақф” хайрия жамоат фонди эътиборга молик ишларни олиб бормоқда. Хусусан, фонд, унинг вилоят филиаллари томонидан эҳтиёжманд оилалар фарзандларига мактаб формаси ва ўқув қуроллари берилаётганлиги ана шу йўналишдаги ишлардан биридир.  

– Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами – Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрами арафасида фонд томонидан Олтинкўл туманида истиқомат қилаётган эҳтиёжманд оилалар фарзандларига, ногирон болаларга мактаб формаси, туфли, сумка, дафтар, ручка, ўчирғичдан иборат совғалар жамланмаси топширилди. – дейди “Вақф” хайрия жамоат фонди Андижон вилояти филиали раҳбари вазифасини бажарувчи Эргашбой Мамадалиев. – Бу албатта, ана шу оилаларга кўмак бўлади, қолаверса, жамиятда эҳтиёжмандларга саховат кўрсатишдек хайрли ва савобли ишларнинг қулоч ёйишига хизмат қилади.  

Мактаб формаси, ўқув қуроллари олган болалар бехад хурсанд бўлди, уларнинг ота-оналари кўрсатилган эътибор ва кўмак учун миннатдорлик билдирди.  

Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА