
“Ўзбекистон аккредитация маркази” ДУК томонидан ОАВ ходимлари учун “Аниқ ўлчашлар – сифат ва хавсизлик кафолати. МБОларнинг аккредитациядан ўтиш жараёни” мавзусида пресс-тур бўлиб ўтди.
Пресс-тур давомида журналистлар “Ўзбекистон Миллий метрология институти” ДК таркибидаги бир қатор лабораториялар фаолияти билан танишди. Унда “Ҳарорат катталикларини ўлчаш”, “Ионлаштирувчи нурланишлар катталикларини ўлчаш” лабораторияларида маҳсулотлар сифатини баҳолаш, синовларни олиб бориш тартиби тўғрисида маълумот берилди.

Аккредитациядан ўтган лабораториянинг сертификатини олган маҳсулотлар хориж бозорларига техник тўсиқларсиз кириб бориш имкониятига эга.
Қайд этилишича, марказ жорий йил сентябрь ойида икки нуфузли халқаро ташкилот – Лабораториялар аккредитацияси бўйича халқаро ҳамкорлик (ILAC) ва Халқаро аккредитация форуми (IAF)нинг тўла ҳуқуқли аъзоси сафига қабул қилиниб, ушбу ташкилотларнинг кўп томонлама битимларини имзолади. Эришилган бу натижа ўзбек маҳсулотларининг битимни имзолаган 120га яқин давлатларининг бозорларига техник тўсиқларсиз кириб бориш имконини беради.

Аммо, бунинг учун ҳар бир маҳсулот халқаро стандартлар талабларига кўра синовдан ўтиши лозим. Аккредитация идораси мутахассислари эса лабораторияларнинг ушбу стандартлар бўйича қай даражада тўғри, малакали ва аниқ иш олиб бораётганини баҳолайди.
Пресс-тур давомида бир қатор маҳсулотлар сифатининг халқаро стандартлар талабларига кўра синовдан ўтиш жараёнлари намойиш этилди.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА