
Нукусда 22 март – Маҳалла тизими ходимлари куни муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда фуқаролар йиғинлари фаоллари, раислари, нуронийлар, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев сўзга чиқиб. маҳалла тизими ходимларини касб байрами, шунингдек эзгулик ва меҳр-мурувват тимсоли бўлган муборак Рамазон ойи билан муборакбод этди.
Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда жамиятнинг энг муҳим бўғини ҳисобланган маҳалла институтининг ўрни ва аҳамиятини оширишга катта эътибор қаратилмоқда. Чунки маҳалла жамиятда тинчлик-тотувлик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, миллий урф-одат ва қадриятларни асраб-авайлаш, оилаларнинг фаровонлигини таъминлаш, халқлар дўстлигини мустаҳкамлаш, аҳолининг кундалик муаммоларини ҳал этишда халқимизга энг яқин ижтимоий тузилма ҳисобланади.
Сўнгги йилларда маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш, қишлоқ ва маҳаллаларда долзарб масалаларни тизимли ҳал этиш, инфратузилма объектларини яхшилаш, аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, “маҳаллабай” ишлаш тизими асосида маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси ҳамда профилактика инспекторидан иборат тузилма фаолияти йўлга қўйилгани ижобий самара бермоқда.
Президентимизнинг 2022 йил 25 октябрдаги “2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳақида” ги қарори ижросини таъминлаш доирасида 289 та объектда деярли 300 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 2 февралдаги “Қорақалпоғистон Республикасида аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратиш ва маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори асосида оғир турмуш шароитидаги оилаларга ёрдам кўрсатилмоқда.
[gallery-11103]
–Ҳудуд аҳолиси, айниқса ёшлар ўртасида профилактик тадбирлар ўз вақтида ўтказилиши натижасида ўтган йили жиноятчилик содир этилмади,– дейди Нукус шаҳридаги “Гоне қала” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Гүлинар Утемуратова. – Бу борада ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси ҳамда профилактика инспектори билан ҳамкорликда иш олиб борилди.
Байрам арафасида давлатимиз раҳбарининг фармони билан мамлакатимизда ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини янги босқичга кўтариш орқали фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасидаги катта хизматлари, халқимиз орасида ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, кўп асрлик анъаналаримизни асраб-авайлаш, маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш ҳамда оилаларда соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, фарзандларимизни она Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш ишларига қўшган муносиб ҳиссаси учун бир гуруҳ соҳа фидоийлари мукофотланди. Жумладан, Бўзатов туманидаги “Эркиндарё” овул фуқаролар йиғинининг кексалар маслаҳат гуруҳи фаоли Тенгелатдин Ниетуллаев “Меҳнат шуҳрати” ордени, Тўрткўл туманидаги “Оққамиш” овул фуқаролар йиғини раиси Жумабай Бегмуратов “Дўстлик” ордени, Элликқалъа тумани “Қирққизобод” маҳалла фуқаролар йиғинидаги касб-ҳунарга ўқитиш маркази ишлаб чиқариш таълими устаси Нигара Раҳимова “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.
Шунингдек, соҳа фидойиларидан 10 нафари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан “Ватан фидойиси” кўкрак-нишони, 18 нафари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Фахрий ёрлиғи, Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг тегишли буйруғига асосан 28 нафари “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Тадбир иштирокчиларига санъат усталарининг байрам концерт дастури намойиш этилди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА