English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маҳалла – халқ билан давлат ўртасидаги ишончли кўприк
20:28 / 2023-03-22

Бухоро вилоятида маҳалла ходимлари куни кенг нишонланди. Тадбирда маҳалла фаоллари, уларга яқин ҳамкор ва кўмакчи бўлаётган секторлар, масъул мутасаддилар, жамоатчилик вакиллари қатнашди.

Тантанада вилоят ҳокими Ботир Зарипов тобора фаолияти такомиллаштирилиб, самарали тармоққа айланаётган тузилма масъул ходимлари ва фаолларини ўзига хос касб байрами билан муборакбод этди.

–Мамлакатимизда учинчи бор нишонланаётган мазкур тизим байрами меҳр-оқибат айёми Наврўз тантаналари давом этаётган мана шундай шукуҳли кунда ўтказилаётганида ҳам рамзий маъно бор. Нега деганда, маҳалла асрлар оша миллий урф-одат ва анъаналаримизни безавол сақлаб, халқимиз учун эзгулик ва тарбия бешиги, яхши қўшничилик ва ҳамжиҳатлик маскани бўлиб келмоқда, – деди Бухоро вилоят ҳокиим. – Зеро, давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, биз маҳалла деганда, дунёда камдан-кам учрайдиган, инсонни жамият билан уйғун бўлиб яшашга ўргатиб, бағрикенглик руҳида тарбиялайдиган, халқ билан давлат ўртасидаги ишончли кўприк вазифасини бажарадиган ноёб тузилмани тушунамиз. Шу боис, кейинги йилларда юртимизда маҳалла институти ривожига доир 20 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилингани, “маҳаллабай ишлаш” тамойилига асосланган янги тизим жорий этилгани ўз самарасини бермоқда. Соҳа ходимларининг меҳнатини рағбатлантириш мақсадида, уларнинг ойлик маошлари 4,5 бараварга оширилди. Фуқаролар йиғинларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида 210 та маҳалла идораси янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилди ва 233 таси мукаммал реконструкция қилинди. Албатта, ана шундай халқчил ислоҳотлар натижасида 2022 йилда вилоятда 464 мингга яқин фуқаронинг бандлиги таъминланган бўлса, 15 мингдан зиёд аҳоли тадбиркорлик ва ҳунармандчиликка жалб этилган. Имконияти чекланган 2,5 мингдан зиёд оиланинг томорқадан самарали фойдаланишига амалий ёрдам кўрсатилган. Маҳаллаларда ҳашар йўли билан 982 эҳтиёжманд оиланинг хонадони таъмирланиб, 711 камбағал оилага уй-жой қуриб берилган. Шунингдек, қишлоқларда 900 километрдан ортиқ ички йўл таъмирланиб, 763 километр узунликда ичимлик сув тармоғи тортилган.

Жамиятда соғлом маънавий муҳитни таъминлаш мақсадида ўтган йили маҳалла фаоллари кўмагида ажралиш ёқасига келиб қолган 3 мингга яқин оила яраштирилгани, 253 та маҳаллада жиноят содир этилишига йўл қўйилмагани, намунали маҳаллалар сони 210 тага етгани албатта, таҳсинга лойиқдир.

Президентимиз Ўзбекистон маҳалла тизими ходимлари ва фаолларига байрам табриги йўллади. Қолаверса, давлатимиз раҳбарининг фармонига мувофиқ бир гуруҳ юртдошларимиз юксак давлат мукофотлари, орден ва медаллар билан тақдирланди. Албатта, улар орасида бухороликларнинг ҳам борлиги барчамизга фахру ифтихор бағишлайди. Жумладан, 2 нафар вилоят вакили давлат мукофоти билан, 32 нафар маҳалла фаоли эса “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишони билан тақдирланди.  

Тантанада вилоят раҳбари томонидан мазкур давлат мукофотлари ва кўкрак нишонлари ўз эгаларига топширилди.Маҳалла тизими ходимлари куни муносабати билан ташкил этилган байрам тантанасида вилоят санъат усталари, хушовоз эстрада хонандаларининг концерт дастури йиғилганларга ўзгача кўтаринкилик ва баҳорий кайфият улашди.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири