
ФОТОРЕПОРТАЖ
Маълумки, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан суғориш тизимларини модернизация қилиш бўйича “Фарғона водийсида сув ресурсларини бошқариш” лойиҳасининг дастлабки босқичи амалга оширилиши натижасида бир неча йиллар эътибордан четда қолган ирригация тизимлари мутлақо янги қиёфа касб этиши билан биргаликда бутун дунёда тақчиллиги сезилаётган сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, самарадорликка эришиш имкониятлари пайдо бўлди.
Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов ушбу лойиҳанинг 3-босқичини бошлаш мақсадида вилоятга ташриф буюрган Жаҳон банкининг сув ресурсларини бошқариш бўйича лойиҳа менежери жаноб Озод Абдулҳамид бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
[gallery-13651]
–Лойиҳанинг навбатдаги босқичи миллий ирригация тизимларини яхшилаш ва энергия самарадорлигини ошириш мақсадига қаратилган, - деди Жаҳон банкининг сув ресурсларини бошқариш бўйича лойиҳа менежери жаноб Озод Абдулҳамид. – Жараёнда Жаҳон банки томонидан ажратилган 80 миллион АҚШ доллари эвазига Шимолий Фарғона каналини технологик жиҳатдан модернизация қилиш режалаштирилган.
Вилоят раҳбари Шавкат Абдураззоқов ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши сув ва электрни тежаш борасида катта манфаат келтиришини таъкидлади.
Учрашув давомида лойиҳани амалга ошириш борасида қилиниши лозим бўлган ишлар ва муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ(сурат),ЎзА