Кулолчилик халқ амалий санъат турларидан бўлиб, унинг тарихи 9-12 асрларга бориб тақалади. Хусусан, Афросиёб ва Марказий Осиёнинг бошқа тарихий жойларида топилган археологик топилмалар ҳам минтақада азалдан кулолчилик ривожланганини кўрсатади.
Ҳунармандчиликнинг гилдан турли буюмлар, идишлар, қурилиш материаллари тайёрлайдиган соҳа ҳам айни кулолчиликдир. Бунда асосий хом ашё табиий тупроқ бўлиб, лой қанча кўп пишитилса, сополнинг сифати шунча яхши бўлади. Яхши санъат асари эса билим, сабр, маҳорат, қунт ва меҳнат орқали вужудга келади.
“Гурунг” лойиҳасининг бугунги қаҳрамони, Ўзбекистон Републикасида хизмат кўрсатган маданият ходими — Алишер Раҳимов бу борада биз билмаган яна бир қанча сирларни очади.
Кулолчи Раҳимовлар сулоласининг 6 вакили, “Шуҳрат” медали соҳиби, уста кулол — Алишер Раҳимов 1975 йилнинг 26 июнь ойида Тошкент шаҳрида таваллуд топган. 1990 – 1995 Республика рассомчилик коллежининг кулолчилик бўлими, 1995 – 2000 йилда Камолиддин Беҳзод номли республика рассомчилик ва дизайн институтининг кулолчилик факультети, 2003 – 2005 йилда шу институтнинг санъатшунослик факультети, шунингдек, магистр бўлимини тамомлаган.
Моҳичеҳра Эшмирзаева, Нишон Абдувоитов (видео), ЎзА