English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кулгининг кучи... (+видео)
15:35 / 2024-09-10

Қаҳ-қаҳ отиб кулаётган бу аёл Американинг янги президенти бўлиши мумкин. Демократик партия аъзоси, вице-президент Камала Харрис навбатдаги сайловда ютса, АҚШнинг биринчи аёл раҳбарига айланади. Президентликка даъвогар сифатида майдонга чиққач, унинг шахсига эътибор чандон ошди: кулиш услуби, терисининг ранги, қилган ишлари таҳлил этила бошланди. Ҳатто, сайланиб қолгудек бўлса, нималар бўлиши мумкинлиги башорат қилинмоқда. Экспертлар айниқса Харриснинг ўзига хос табассуми Трампга жиддий муаммо туғдириши мумкинлигини таъкидлашяпти.

Иттифоқчилари Камала президентлик учун курашда кучли қуролга эгалигини айтмоқда. Бу қурол нималигини биласизми? Шунчаки, унинг юракдан, хандон отиб кулиши. Зеро, пойга жараёнида вице-президент ўз ҳазил-мутойибаси билан ҳаммани ҳайратга соляпти. Тўғрироғи, айнан очиқлиги туфайли у кўпчиликнинг эътиборига тушяпти.

Қаранг-ки, Россия Президенти Владимир Путин ҳам Харриснинг кулишига эътибор бериб, бироз ҳазиломуз оҳангда шундай деди:

– Сайловда қатнашмаслиги маълум бўлгач, жаноб Байден тарафдорларидан Камала хоним қўллаб-қувватланишини сўради. Биз ҳам шундай қиламиз, албатта. Эътибор берган бўлсангиз, Харриснинг кулгиси жудаям беғубор ва таъсирчан. Демак, шундан билиш мумкинки, унинг ишлари кўнгилдагидек кетяпти. Агар сайланадиган бўлса, биз ҳам икки давлат муносабатида яхши ўзгариш бўлишига умид қилиб қоламиз.

Табиийки, РФ етакчисининг гапидан хафа бўлганини яширмаётган Трампга айни қиёс ёқмаяпти ва у имкон пайдо бўлди, дегунча рақибининг обрўсини туширадиган турли гап-сўз чиқаряпти. Умуман, бу борада собиқ раҳбарнинг ҳолати яхши, дея олмаймиз.

– У АҚШ тарихидаги энг муваффақиятсиз вице-президент эканлиги маълум бўлди, – деди Дональд Харрис ҳақида, яқинда ўтказилган сўровнома натижасига ишора қилиб. – Камалага ишониб бўлмайди, у ғирт ёлғончи, худди телба одамга ўхшаб хохолайди.

Трамп демократик партиядан президентликка номзод аёлни қоралашда давом этаркан, уни териси рангидан сиёсий мақсадда фойдаланишда ҳам айблаяпти. Хуллас, Харрисни камситувчи турфа баёнот бериб келмоқда. Энг қизиғи, рақибининг исмини сайловчилар билан учрашувларда қайта-қайта ва атайлаб нотўғри талаффуз қилмоқда.

Трамп тарафдорлари бундай кураш услубига қўшилиб, Камала ҳақида сохта хабар тарқатишдан тийилмаяпти. Интернет ҳамжамияти ҳам бу курашда фаол иштирок этмоқда. Тик-Ток фойдаланувчилари тезда вирусга айланиб кетадиган видео лавҳалар тайёрлаб чиқаришмоқда.

Харрис эса барига ним табассум билан жавоб бериб, кези келганда яхшигина “чақиб” оляпти. Масалан, сайлов кампанияси биринчи кунида Камала ўзининг прокурорлик қилган даврини эслаб, собиқ давлат раҳбари Дональд Трампга қуйидаги мазмунда таъриф берди:

– Аёлларга зўравонлик қиладиган, фирибгарлик билан шуғулланувчи, ўз манфаатини кўзлаб, қонун-қоидани бузувчи товламачиларни биламан. Шундай экан, ишонинг, мен Дональд Трампга ўхшаган одамлар қандайлигини яхши биламан.

Маълумки, Байден Харрисни давлат чегаралари учун масъул қилиб тайинлаган. Трамп шунга ишора қилиб, сўзида давом этади:

– У ўзича чегаралар маликаси бўлиб олди. Шу даврда мамлакатимизга жуда кўп хориж фуқароси ноқонуний кириб келди. Камала эса “Кираверинглар!” дея ҳаммасини қучоқ очиб кутиб олди. Харрис бутун дунёдан 20 миллион чет эл фуқароси қонунга хилоф равишда юртимизга кириб, жойлашишига йўл қўйиб берди.

Хуллас, жаноб Трамп рақибини имкон даражада обрўсизлантиришга уринмоқда. Бу усул қай даражада фойда бериши сайловдан кейин маълум бўлади.

<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/qvndT5Wq7Pw?si=zrso8JgJ476EMk3H" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

К.Бекжонов, ЎзА