English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кучли ижтимоий ҳимоя – давлат сиёсатининг муҳим йўналиши
18:29 / 2023-12-07

Самарқандда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 31 йиллиги муносабати билан тантанали маросим ўтказилди.

Унда вилоят фаоллари, ҳокимликлар ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари, ҳарбийлар, нуронийлар ва ёшлар вакиллари иштирок этди.

Тадбир қатнашчилари ва улар тимсолида барча самарқандликларни вилоят ҳокими Э.Турдимов табриклади.

– Бугун сизлар билан кейинги йилларда юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга мос тарзда халқимиз хоҳиш-иродаси билан қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси байрамини нишонлаяпмиз, – деди Э.Турдимов. – Янгиланган конституциямизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш, фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш, таълим ва илм-фан соҳаларини тараққий эттириш, хусусий мулк дахлсизлигини янада мустаҳкамлаш, фуқаролик жамияти институтларининг ролини ошириш, атроф муҳитни муҳофаза қилиш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ваколатларини аниқлаштириш юзасидан муҳим нормалар белгиланган. Бош қомусимиздаги моддалар сони 128 тадан 155 тага, унинг нормалари 275 тадан 434 тага кўпайди. Натижада Конституциямиз ҳам мазмунан, ҳам шаклан мутлақо янгиланди, Бош қонунимиз чинакам халқ Қомуси, чинакам халқ Конституцияси бўлади. Унда Ўзбекистон – суверен, демократик, ҳуқуқий ва ижтимоий давлат экани қатъий белгилаб қўйилди. Кучли ижтимоий ҳимоя ва муҳтожларга ғамхўрлик – давлат сиёсатининг муҳим йўналиши бўлди. 

[gallery-14946]

Камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш, ишсизликдан ҳимоя қилиш бўйича давлат ўзига қатор янги мажбуриятларни олди. Умуман, Конституциядаги давлатнинг ижтимоий соҳадаги мажбуриятлари билан боғлиқ нормалар уч баробар кўпайди.

Тантанали маросимда самарқандлик таниқли санъаткорлар ва ёш ижрочилар иштирокида концерт дастури намойиш этилди.

Байрам тадбирлари барча туман ва шаҳарларда давом этмоқда. Бу йилги тадбирлар доирасида туман, шаҳар марказларида “Конституция кўчаси” ташкил этилиб, Бош қомусимизга оид кўргазмали воситалар жойлаштирилди. Таълим муассасаларида “Менинг конституциям ва давлат тилим” мавзуида оммавий диктант, “Конституция ўқувчилар нигоҳида” мавзусида ижодий ишлар танлови ўтказилди.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари