
“Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти Андижон филиалига қуввати 20 киловатт бўлган қуёш электр станцияси ўрнатилди.
Мамлакатимизда кейинги йилларда иқтисодиёт тармоқларини, ижтимоий соҳа объектларини, аҳоли хонадонларини энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш, мавжуд энергия ресурсларини тежаш, улардан оқилона фойдаланиш, айниқса, муқобил энергия турларидан фойдаланишни йўлга қўйишга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Биргина Андижон вилоятида жорий йилнинг ўтган даврида 480 та объектда 3 минг 477 киловатт қувватга эга қуёш панеллари ўрнатилди. Йил якунига қадар яна 377 та объектда 2 минг киловатт қувватга эга қуёш панеллари ўрнатиш режалаштирилган. Умуман, вилоятда жорий йилда ижтимоий соҳа объектлари хусусан 16 та мактаб, 16 та мактабгача таълим ташкилоти ва 16 та соғлиқни сақлаш муассасасига қуёш электр станциялари ўрнатиш учун 10 миллиард сўм маблағ ажратилган.
Ҳозирги кунга қадар ижтимоий соҳа объектларига 593 киловатт қувватга эга қуёш панеллари ўрнатилиб, ишга туширилди. Натижада мазкур объектларда ойига 115 минг киловатт/соат электр энергияси иқтисод қилинмоқда.

– Филиалимизга ўрнатилган 20 киловатт (кВт) қувватга эга қуёш электр станцияси йилига 40 минг киловатт электр энергияси ишлаб чиқаради, – дейди “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Андижон ҳудудий филиали раҳбари Х.Юлдашев. – Бунинг натижасида корхонамиз томонидан электр энергияси учун сарфланаётган йиллик харажат 18 миллион сўмга камаяди. Вилоятда ҳар жиҳатдан қулай, фойдали ва хавфсиз бўлган қуёш панелларини ўрнатиш ишлари режа асосида давом эттирилмоқда.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (фото), ЎзА