Янги таҳрирдаги Конституциянинг 93-моддасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг биргаликдаги ваколатларига Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги ҳар йилги миллий маърузани эшитиш назарда тутилган. Шундан келиб чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан тақдим этилган Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги миллий маъруза кўриб чиқилди.
Миллий маъруза юзасидан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов сўзга чиқди:
— Мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишнинг ҳуқуқий ва институционал асослари такомиллаштирилиб, жамиятда коррупция иллатига нисбатан муросасиз муҳитни шакллантиришга қаратилган тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши курашишнинг замонавий механизмлари кенг жорий этилиб, уларнинг фаолиятида очиқликни таъминлаш, жамоатчилик олдида ҳисобдорликни ошириш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда. Давлат бошқарувида бюрократияни камайтириш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, давлат хизматларини кўрсатиш сифатини яхшилаш, рақамлаштириш орқали “инсон омили”ни камайтириш борасида амалга оширилган чора-тадбирлар коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат сиёсатининг муҳим жиҳатларини намоён этмоқда.
“Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизаси тўғрисида”ги қонун билан коррупцияга қарши экспертизани ўтказувчи субъектлар, шунингдек, коррупцияга қарши экспертиза тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилишини мониторинг қилиш тартиби ҳамда коррупцияни келтириб чиқарувчи омиллар санаб ўтилди. “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида коррупциявий омилларни бартараф этиш тизимининг самарадорлигини ошириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган мақсадли кўрсаткичлар белгиланди.
Соҳада давлат сиёсати изчиллигини таъминлаш мақсадида коррупцияга қарши курашиш бўйича 2023–2024 йилларга мўлжалланган давлат дастури қабул қилинди. Очиқ эълон қилиниши лозим бўлган маълумотлар рўйхати 35 тадан 40 тага кенгайтирилди. Шунингдек, 2023 йил учун “Transparency International” ташкилотининг “Коррупцияни қабул қилиш” индекси янги рейтингида Ўзбекистон 5 поғонага кўтарилиб, индекс баҳосида қаторасига 10 йил давомида барқарор ўсишга эришилди.
Бундан ташқари, “Open Data Inventory” рейтингида Ўзбекистон 195 та давлат ичида 30-ўринни эгаллаб, аввалги йилларга нисбатан 15 поғонага кўтарилди, Марказий Осиё давлатлари ичида эса 1-ўринни эгаллади. Шу билан бирга, 2023 йилда коррупцияга оид жиноятлар учун жиноий жавобгарликка тортилган шахслар сони 879 нафарга ёки 2022 йилга нисбатан 12 фоизга камайган, жиноятлар сони эса 11 фоизга камайган. Коррупция ҳаракатлари оқибатида етказилган зарар миқдорлари ҳам 29 фоизга камайган. 117 та вазирлик ва идораларда йўлга қўйилган ички назорат тузилмалари фаолияти натижасида 4 минг 349 та назорат тадбирларида 342,6 миллиард сўм маблағларнинг талон-торож қилиниши аниқланиб, тўпланган маълумотлар ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган. 953,4 миллиард сўмлик маблағларнинг ноқонуний сарф этилишининг олди олинган, — деди А.Бурхонов.
Шунингдек, миллий маърузада коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш бўйича бир қатор таклифлар илгари сурилган.
Муҳокамалар давомида депутатлар томонидан коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилган ижобий ишлар билан бир қаторда ушбу соҳада тўлиқ фойдаланилмаган имкониятлар ва эътибор қаратилиши лозим бўлган масалалар ҳам мавжудлиги қайд этилди. Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий стратегиясини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ишлари якунига етказилмагани депутатларнинг жиддий эътирозларига сабаб бўлди. Бир қатор саволлар ўртага ташланди.
— “Коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахсларнинг очиқ электрон реестри”ни юритиш бўйича анчадан буён гапириб келинади, аммо ҳалигача бу реестр ишга тушмаган, — деди депутат Умида Раҳмонова. — Натижада илгари коррупциявий жиноят содир этган шахслар давлат хизматига қайта қабул қилиниб, уларнинг 566 нафари томонидан такроран коррупциявий жиноятлар содир этилган. “Коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахсларнинг очиқ электрон реестри” қачон ишга тушади ва бу борада қандай ишлар амалга оширилмоқда?
— Давлатимиз раҳбари томонидан “Коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахсларнинг очиқ электрон реестри”ни юритиш ва бу бўйича алоҳида қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш топшириғи берилган. Агентлигимиз томонидан 2022 йилда ушбу қонун лойиҳаси дастлабки тарзда ишлаб чиқилган эди ва тегишли вазирлик, идоралар билан келишилган. Президент администрациясига ҳам тақдим этилган ва администрация томонидан лойиҳани янада такомиллаштириш бўйича вазифалар юклатилди. Қонун лойиҳаси қайта такомиллаштирилди. Шу ой якунигача Қонунчилик палатасига киритилиши кутилмоқда, — деб жавоб берди депутатнинг саволига агентлик директори Акмал Бурхонов.
Шунингдек, муҳокамаларда ташкилотларнинг коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолиятида манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ омиллар тўлиқ бартараф этилмагани, давлат харидларини амалга оширишда товар нархини Махсус ахборот порталида эълон қилинган нархлар асосида шакллантиришни назарда тутувчи тегишли ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилмаган айтиб ўтилди. 2023 йил давомида эса маҳаллий ҳокимликлар, бандлик, электр ва газ таъминоти корхоналарида ишловчи ходимлар томонидан содир этилган коррупциявий жиноятлар бўйича судланган шахсларнинг сони юқорилигича қолаётгани танқид қилинди. Бундан ташқари, айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда аниқланган коррупциявий омилларни бартараф этиш бўйича тасдиқланган қатор “йўл хариталари”нинг ижроси ўз вақтида таъминланмасдан қолмоқда.
Муҳокамаларга бой бўлган мажлисда ҳар бир фракция вакиллари Агентлик томонидан коррупцияга оид, биринчи навбатда, Ўзбекистон Республикасининг миллий манфаатларига ва халқаро имиджига зарар етказувчи жиноятларни тергов қилиш натижаларини комплекс таҳлил қилиш ҳамда бюджет маблағларининг сарфланиши, давлат активларининг реализация қилиниши, инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши билан боғлиқ материалларни ўрганиш, шунингдек, мансабдор шахсларнинг қарорлари қонунийлиги юзасидан ўтказилаётган назорат самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар беришди.
Мажлис якунида соҳани такомиллаштириш ҳамда Агентлик томонидан амалга оширилиши лозим бўлган қатор чора-тадбирлар юзасидан Қонунчилик палатасининг тегишли қарори қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА