Коронавирусни бирга енгамиз
Жумладан, мана шундай тадбир туман ҳокими Я.Бабаджанов бошчилигида энг чекка ҳудуд “Ёнбошқалъа” овул фуқаролар йиғинида ўтказилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманида карантин даврида аҳолининг уйда қолиши ва ниқобсиз юрмаслиги, барча шахсий гигиена қоидаларига амал қилишини, фарзандларига китоб ўқиш, дарсларига тайёрланиши учун ёрдам беришини таъминлаш мақсадида “Биз коронавирусни бирга енгамиз!“ шиори остида хайрия тадбирлари ўтказилмоқда.
Жумладан, мана шундай тадбир туман ҳокими Я.Бабаджанов бошчилигида энг чекка ҳудуд “Ёнбошқалъа” овул фуқаролар йиғинида ўтказилди. Бутун дунёни хавфга солаётган коронавирус инфекциясига қарши кураш барчамиздан ҳамжиҳатликда ҳаракат қилишни талаб қилмоқда. Ушбу овулда истиқомат қилувчи аҳолига вируснинг олдини олиш ва ҳимояланишда саломатлик учун зарур бўлган тиббий ниқоб, нам салфетка, антисептик воситалар, совун, тиббий бинтлар бепул тарқатилди.
Мутахассислар томонидан аҳоли белгиланган санитария-гигиена қоидаларига қатъий амал қилишига, карантин даврида, зарурлиги бўлмаса уйда қолишига, томорқа ерларидан унумли фойдаланишга чорланди.
Ўзбекистон Республикаси Халқ демократик партиясидан 14-“Чибуқли“ ҳамда 15-“Шўрахон“ сайлов округларидан сайланган Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари З.Абдуллаева ва С.Гичгелдиевалар тумандаги “Оқбошли“ ҳамда “Оққамиш“ овулида истиқомат қилувчи аҳоли ҳолидан хабар олди. Ҳудуддаги кам таъминланган, боқувчисини йўқотган хонадонларга, ногиронлиги бўлган шахсларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.
“Бунёдкор Қорақалпоғистон” масъулияти чекланган жамияти хомийлигида ўтказилган хайрия акцияси доирасида Беруний ва “Шодлик” маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудларида истиқомат қилувчи, ёлғиз яшовчи, 60 ёшдан ошган фуқароларга озиқ-овқат маҳсулотлари берилди.
Бундай хайрия тадбирларида ёшлар ҳам фаол иштирок этмоқда. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тўрткўл тумани кенгаши, “Ёшлар келажагимиз” жамғармаси Тўрткўл тумани филиали томонидан коронавирус инфекциясидан сақланиш ва унинг олдини олиш мақсадида “Тўрткўл деҳқон бозори” ҳудудида акция ташкил қилинди. Акция доирасида тиббий ниқоблар бепул тарқатилди.
Бу каби хайрли тадбирлар Оролбўйининг барча шаҳар ва туманларида давом этмоқда.