Коронавирус ҳақида ишониб бўлмайдиган 5 та факт
Бу борада мутахассислар нима дейди? Уларнинг жавоби сизни қизиқтирса ажаб эмас.
Бутун дунё коронавирус пандемиясига қарши курашаётган бир пайтда, одамларни коронавирус пул орқали юқадими, антибиотиклар қабул қилиш керакми, саримсоқпиёзнинг фойдаси борми, деган саволлар ҳам безовта қилаётгани рост. Бу борада мутахассислар нима дейди? Уларнинг жавоби сизни қизиқтирса ажаб эмас.
Коронавирус пул орқали юқадими?
Пул орқали юқиш эҳтимоли жуда кам бўлса-да, назарий жиҳатдан олиб қараганда, эҳтимолдан ҳоли эмас. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсияларига кўра, нақд пулдан фойдаланганда қўлларни албатта, ювиш керак. Бундан ташқари, Россия банки сайтида кредит ташкилотларига бу борада тавсия хати ҳам берилган. Унда жумладан, шундай дейилади: нақд пулни банкоматга юклаётганингизда пулдаги вируслар ўлиши учун уни бир муддат ушлаб туриш керак. Шунингдек, маълумотлар хатида вақти-вақти билан банкоматлар ва банк терминалларини дезинфикциялаб туриш ҳам эслатиб ўтилган.
Бироқ, хавф кэш-ресайклинг вазифасини бажарувчи банкда ҳам бўлиши мумкин. Бу ерда гап инкассация ишловидан ўтмай бир мижоздан бошқа мижозга ўтаётган пул ҳақида бормоқда.
Коронавирусга фақат кексалар чалинадими?
Ҳақиқатан ҳам коронавирусдан вафот этиш ҳолатлари ёшларга қараганда, кексаларда кўпроқ учрайди, бироқ бу фақат кексалар вирус юқтиради дегани эмас. Statista.com сайтида берилган маълумотларда айтилишича, Германияда вирусга чалиниш ҳолати энг кўп 15 ёшдан 59 ёшгача бўлганлар орасида кузатилмоқда. Бундан ташқари, ёш тоифасига қараб гуруҳланиш бўйича бир мамлакатдаги аҳвол бошқа мамлакатдаги аҳволга ўхшамайди. Масалан, Италияда энг кўп касалланганлар 51 ёшдан 70 ёшгача бўлган фуқаролар орасида кузатилмоқда. Болаларга келсак, улар ҳам коронавирусга чалинади, бироқ касаллик болаларда анчайин енгил кечади.
Саримсоқпиёз коронавирус билан курашда фойда берадими?
Саримсоқпиёз, албатта, фойдали ва кўп ҳолларда профилактика мақсадларида, ҳатто, даволаш воситаси сифатида ҳам қабул қилинади. Бироқ, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига таянадиган бўлсак, ҳали ҳеч бир жойда уларнинг COVID-19 дан профилактика қилиш ёки даволаниш учун ёрдам бериши ҳақида илмий тасдиғи учрагани йўқ.
Антибиотикларчи?
Вирус касалликларини даволашда антибиотиклар қабул қилинмайди. Нафақат COVID-19, балки бошқа вирус касалликларини даволашда ҳам. Дарвоқе, антибиотиклар фақат бактериалли инфекцияларини даволашда қўлланиши мумкин.
Уй ҳайвонлари орқали коронавирусни юқтириш мумкинми?
Уй ҳайвонлари, масалан, мушук ва итлар коронавирус билан касалланиши мумкин, лекин улар юқтирган тур одамга ўтмайди. Шу билан бирга, одамга юқадиган коронавирус тури уй ҳайвонларига ўтмайди. Шу боис ҳам COVID-19 уй ҳайвонларига хавф туғдирмайди, дейиш мумкин. Аммо, барибир гигиена қоидаларига амал қилиш лозим: уларни ушлаган бўлсангиз, албатта қўлингизни ювишингиз керак.
Дарвоқе, яқинда Гонконгда итларнинг коронавирусга чалиниши билан боғлиқ иккита ҳолат қайд қилингани ҳақида хабар берилган эди. Ҳайвонлар соғлигини ҳимоя қилувчи Жаҳон ташкилотининг маълум қилишича, итларда COVID-19 га тест топширилганда уларда коронавирус борлиги тасдиқланган.
Интернет материаллари асосида тайёрланди