English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Конституциявий суд мамлакатдаги Конституциявий  қонунийликнинг ҳолати тўғрисидаги ахборотни кўриб чиқди
19:32 / 2023-12-05

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг мажлиси бўлиб ўтди.

Конституциявий суд раиси М.Абдусаломов бошқарган мажлисда Олий Мажлис палаталари, Ҳукумат, Олий суд, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги, нодавлат нотижорат ташкилотлари, таълим ва илмий ташкилотлар вакиллари ҳамда Конституциявий суд илмий-маслаҳат кенгаши аъзолари иштирок этди.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги конституциявий қонунга мувофиқ Конституциявий суднинг мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисидаги ахбороти кўриб чиқилди.

Мажлисда 2023 йил 30 апрель куни референдумда умумхалқ овози билан қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси давлат ва жамият ҳаётини модернизация қилиш ва мамлакатда конституциявий қонунийлик муҳитини янада мустаҳкамлаш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлгани қайд этилди. Асосий қонун давлат органларининг фаолиятини демократлаштиришга, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилган янгича конституциявий-ҳуқуқий шароит яратди.

Халқимиз тафаккурининг маҳсули сифатида Конституция фуқароларнинг дунёқараши ва ҳуқуқий онгини сезиларли даражада юксалтирди. Айниқса, унинг тўғридан-тўғри қўлланиладиган ҳуқуқий ҳужжат сифатида қабул қилиниши натижасида кундалик ҳаётда Конституцияга мурожаат қилиш имкониятининг кенгайиши, ўз навбатида, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг масъулиятини янада оширди.

Асосий қонун мамлакатнинг бутун ҳудудида тўғридан-тўғри амал қилиши унинг ижтимоий муносабатларни бевосита тартибга солишини, давлат органлари ва мансабдор шахслар томонидан тегишли қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинишидан ёки мавжудлигидан қатъи назар қўлланилишини англатишига эътибор қаратилди. Хусусан, ўтган қисқа даврда умумий юрисдикция судлари томонидан 21 мингдан зиёд жиноят, маъмурий, иқтисодий ва фуқаровий ишлар бўйича Конституция ва унинг моддалари тўғридан-тўғри қўлланилган.

Мажлисда Конституциявий суд томонидан 2022–2023 йилларда 119 қонун ва 1 минг 384  бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бўйича мурожаатлар ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти ўрганилганлиги, Конституциявий суд  биринчи навбатда ҳуқуқий нормаларни қўллашнинг конституциявий-ҳуқуқий масалаларини  эътиборга олиши  таъкидланди.

Конституциявий суд Асосий қонун унинг нормаларини тўлақонли амалга ошириш бўйича давлат органлари олдига кенг кўламли ва масъулиятли вазифалар қўйиши ва айни пайтда уни тўғридан-тўғри қўллаш билан боғлиқ айрим масалалар ҳам мавжудлигига эътибор қаратди.

Конституция устуворлиги, инсон ва фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, ўз навбатида, қонунийлик ва ҳуқуқ устуворлигига таъсир этаётган омилларни ваколатли давлат органлари томонидан ўз вақтида аниқлаш ва тезкор чора кўришни тақозо этади.

Шу муносабат билан Конституциявий суд аҳоли мурожаатларида кўтарилган конституциявий ҳуқуқларни таъминлаш билан боғлиқ қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратди:

– бола ҳуқуқлари бузилиши ҳолатлари кузатилаётганлигини инобатга олиб, болаларни турли кўринишдаги зўравонликлардан ҳимоя қилиш, бу борада ота-оналар, таълим муассасалари, бошқа мутасадди идоралар масъулиятини ошириш, тегишли қонунчилик ҳужжатларини янада такомиллаштириш мақсадга мувофиқ;

– мулк ҳуқуқи кафолатларига риоя этмаслик ҳолатлари сезиларли камайган бўлса-да, ҳали бу соҳада муаммолар сақланиб қолаётганлигини инобатга олиб, маҳаллий давлат ҳокимиятининг ушбу масалаларда ҳуқуқий маданиятини ошириш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг мулк ҳуқуқи бузилиши ҳолатига мутлақо тоқатсиз муносабатини шакллантириш, бу борада профилактик чораларни кучайтириш зарур; 

– баъзи ҳудудларда тадбиркор ўз маҳсулотини вилоят ҳудудидан эркин олиб чиқиб кетишда тўсқинликларга учраши ҳолатларини эътиборга олиб, барча масъуллардан товар ва хизматларнинг эркин ҳаракатланиши бўйича конституциявий кафолатларга сўзсиз риоя этиш талаб этилади.

Мажлисда конституциявий ҳуқуқларга риоя этмаслик ҳолатлари ваколатли давлат органлари диққат-эътибори марказида бўлиши кераклиги, бу билан боғлиқ ҳар бир ҳолат зудлик билан ўрганилиши ҳамда бузилган ҳуқуқларни тиклаш бўйича зарур чоралар кўрилиши лозимлиги таъкидланди.

[gallery-14911]

Шу билан бирга, Конституциявий суд конституциявий нормаларга риоя этмаслик бўйича тезкор чоралар кўриш билан чекланмасдан, уларни юзага келтирган сабаб ва шарт-шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш бўйича тизимли чораларни кўриб бориш зарурлигини ҳам қайд этди.

Фуқаролар ва юридик шахсларнинг Конституциявий судга мурожаат қилиш институтини фуқаролар учун янада қулай қилиш, конституциявий одил судловга эришишни таъминлаш мақсадида фуқароларга малакали юридик ёрдам кўрсатиш масалалари бўйича қўшимча чоралар кўрилиши қайд этилди.

Шу билан бирга, судларнинг муайян ишда қўлланилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисида Олий суд орқали Конституциявий судга мурожаат қилиш ваколатини амалга ошириш тартибини аниқлаштириш тавсия этилди.

Конституциявий суд ҳар қандай ҳуқуқий таъсир чораси асосланган, адолатли, зарур ва ўз мақсадига эришиш учун етарли ҳажмда бўлиши ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини асоссиз, яъни таъсир чораси мақсадига эришиш мумкин бўлган меъёрдан ортиқча даражада чекламаслиги лозимлигини қайд этди.

Шу муносабат билан ҳуқуқий таъсир чораларини қўллашда мутаносиблик, етарлилик конституциявий принципларига риоя этишни таъминлаш мақсадида айрим жиноий ва маъмурий жазо чораларини, молиявий санкциялар, неустойка (пеня, жарима) ҳамда бошқа ҳуқуқий таъсир чораларини қайта кўриб чиқишни таклиф қилди.

Конституциявий суд вилоят, туман (шаҳар) судьяларининг тегишли халқ депутатлари Кенгашлари олдида ахборот бериш амалиёти судьянинг мустақиллиги ва холислигига раҳна солиши мумкинлигини инобатга олиб, ваколатли давлат органларини ушбу тартибни бекор қилишга чақирди.

Аҳоли таклифларидан келиб чиқиб, алоҳида жиноятлар, биринчи навбатда, фирибгарлик бўйича жазони енгилроғи билан алмаштиришда судланувчи томонидан жабрланувчига етказилган зарарнинг қопланилганлигини инобатга олиш талабини киритиш орқали жабрланувчиларга етказилган зарарнинг ўрни қопланиши учун шарт-шароитлар яратиш мақсадга мувофиқлиги қайд этилди.

Шунингдек, дастлабки конституциявий назоратни амалга ошириш тартибини аниқлаштириш, суд қайта ташкил этилганда ёки тугатилганда судья ўз лавозимини сақлаб қолиши кафолатларини амалга ошириш механизмини қонунларда белгилаш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга шарҳ бериш услубиётини ишлаб чиқиш каби масалалар бўйича масъул ташкилотларга тавсиялар берилди.

Конституциявий суд ўз ахборотида барча давлат органларини Асосий қонунни амалга ошириш ва мамлакатда конституциявий қонунийликни таъминлашда масъулиятни тўлақонли ҳис қилишга, ўз фаолиятида Конституцияда кафолатланган ҳуқуқ ва эркинликларнинг чекланишига йўл қўймасликка, уларни бузишнинг ҳар қандай ҳолатлари бўйича тезкор ва қатъий чораларни кўриб боришга чақирди.

Мажлисда Конституциявий суд Илмий-маслаҳат кенгаши аъзолари ва ҳуқуқшунос олимларнинг кўриб чиқилаётган масала юзасидан фикр ва мулоҳазалари тингланди. Музокараларда сўзга чиққанлар томонидан Конституциявий суд ахбороти мамлакат тарихида биринчи марта очиқ мажлисда кўриб чиқилаётганлиги, унда кўтарилган масалалар мамлакатда конституциявий қонунийлик муҳитини таъминлашга хизмат қилиши қайд этилди.

Конституциявий суд муҳокама қилинган масалани ҳар томонлама ўрганиб чиқиб, мутахассис ва экспертларнинг фикр-мулоҳазаларини ҳисобга олиб, мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисида ахборотни тасдиқлаш ҳамда уни Конституция талаблари асосида Олий Мажлис палаталари ва Ўзбекистон Республикаси Президентига юбориш ҳақида қарор қабул қилди.

Конституциявий суд қарори Қонунчилик маълумотлари миллий базасида ва Конституциявий суднинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

 Норгул АБДУРАИМОВА, ЎзА мухбири