English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Конституциянинг ўзига хос хусусиятларидан бири – бой тарихий тажрибани ўзида мужассамлаштирган
21:08 / 2023-12-05

Муайян вақт ўтиши билан ҳар қандай қонун ҳужжатларини замон билан ҳамнафас тарзда жамиятнинг турмуш тарзига мослаштириш зарурий эҳтиёжга айланади. Хусусан Ўзбекистон Республикасида ҳам ушбу жараёнлар амалга оширилди.

Мамлакатимизнинг бош Қомусини янги таҳрирда жамият ҳаётига татбиқ этиш фуқароларимизнинг фаровон турмуш тарзига хизмат қилмоқда. Янги таҳрирдаги Конституция учун киритилган ўзгариш ва янгиликлар юзасидан халқимизнинг фикр-мулоҳазалари ўрганилди. Жараёнда фуқароларимизнинг ҳам таклиф тавсиялари инобатга олиниш билан бирга, ривожланган хорижий мамлакатлар тажрибаси ҳам эътибордан четда қолмади.

Конституциянинг ўзига хос хусусиятларидан бири шундаки, у ўзида нафақат ҳуқуқий ва сиёсий фикрлашнинг олий ютуқларини, балки бой тарихий тажрибани ҳам мужассамлаштиради. Уни ишлаб чиқишда ўзбек халқининг чуқур ҳуқуқий-тарихий анъаналари алоҳида аҳамият касб этади. Ҳар қандай қонун, айниқса, конституциядек бош қонун, агар халқнинг тарихий қадриятлари, миллий урф-одатлари, асрлар давомида шаклланган эътиқодларини ўзида етарли даражада акс эттирмаса, унинг ҳаёти қисқа бўлади, у жамият учун хизмат қилмайди. Ҳар қандай қонун ҳужжати халқ манфаатлари ва мамлакат тараққиётига хизмат қилиши лозим.

Янги таҳрирдаги Конституциянинг асосий механизми инсон қадрига хизмат қилиш учун мувофиқлаштирилди. Конституцияда давлат фаолияти қонун устуворлиги, қонунийлик принципи асосида амалга оширилиши белгилаб берилган. Конституциянинг 1-моддасида Ўзбекистоннинг ҳуқуқий давлат этиб белгиланиши барчанинг қонун олдида тенглигини ва қонундан ҳеч ким устун эмаслигини таъминлаш, инсонлар онгига, давлат органларининг халққа хизмат қилиши учун мустаҳкам асос бўлди.

Ҳуқуқий жамиятда барча давлат органлари, мансабдор шахслар, фуқаролар конституциявий норма ва принципларга оғишмай амал қилади. Демократик давлат Конституциясининг энг асосий хусусиятларидан бири унинг олий юридик кучга эга эканлигидадир. Шу боис янги таҳрирдаги Конституциянинг 15-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга, тўғридан-тўғри амал қилади ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этади”, деб белгилаб қўйилган. Конституция қонунчилик тизимидаги барча ҳуқуқий ҳужжатлар ичида энг юқори ўринда туради ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан устундир.

Бош қомусимизнинг асосий принципларини давлат суверенитети, халқ ҳокимиятчилиги, Конституция ва қонуннинг устунлиги, ташқи сиёсат ташкил этади.

Шунингдек, инсонга нисбатан давлатнинг ҳуқуқий таъсир чоралари қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли ва мутаносиб бўлиши шартлиги ҳамда инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларда юзага келадиган қонунчиликдаги барча қарама-қаршиликлар, ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилиниши мустаҳкамланди.

Шундай қилиб, Конституциянинг тўғридан-тўғри амал қилиши ҳамда мамлакатнинг бутун ҳудудида қўлланиши ҳуқуқий давлатнинг муҳим ва асосий шартларидан биридир.

Абдуғаффор ТОЛИПОВ, 
Ўзбекистон Республикаси Жамоат
хавфсизлиги университети доценти