English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Конституциямизнинг 31 йиллиги кенг нишонланмоқда
18:54 / 2023-12-07

Жиззах вилояти ҳокимлиги анжуманлар саройида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 31 йиллигига бағишлаб байрам тадбирлари бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, вилоят, шаҳар, туман ҳокимликлари, нуронийлар, меҳнат фахрийлари, секторлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари, корхона, ташкилот, муассаса, маҳалла раҳбарлари, ишлаб чиқариш илғорлари, талаба-ёшлар ва оммавий ахборот восмиталарининг вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31 йиллигига бағишланган байрам тадбирини вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг аъзоси Эргаш Салиев очиб, вилоят аҳлини байрам билан қутлади.

– Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотлар, улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, рўй бераётган барча ўзгариш ва янгиланишлар асоси, миллий қонунчилигимиз пойдевори бўлган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси жаҳон ҳамжамиятида замонавий демократик қонунчилик намунаси сифатида эътироф этилмоқда, –деди вилоят раҳбари ўз нутқида.

Ўтган 31 йил мобайнида Констититуцияга жами 15 марта ўзгартиш киритилган эди. Бу сафар эса ўзгаришлар кўлами катталиги сабаб ҳужжатнинг янги таҳрири қабул қилинди. Янгиланиш натижасида Бош қомусдаги моддалар сони 128 тадан 155 тага, ундаги нормалар эса 275 тадан 434 тага ошди. Умуман, жорий йилнинг 30 апрелида бўлиб ўтган референдумда Конституция 65 фоизга янгиланди. Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистоннинг Бош қонуни бугун ва келажак ҳаётимизни белгилаб берувчи мукаммал ҳужжатга айланди.

Дарҳақиқат, Бош қомусимизнинг 31 йиллиги улкан ўзгаришлар, залворли ислоҳотлар даврида нишонланмоқда. Халқимиз хоҳиш-истаклари ва таклифлари асосида мамлакатимизни ривожлантиришнинг “Ўзбекистон – 2030” стратегияси қабул қилинди. Вилоят ҳокими бу тарихий ҳужжатга алоҳида тўхталиб, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган асосий йўналиш ва вазифалар эса Конституцияда баён этилган демократия ва инсонпарварлик, халқчилликка суғорилган меъёрларни ҳаётга татбиқ этишга қаратилган бўлиб, Бош қомусимизда мужассам бўлган эзгу ғояларни рўёбга чиқаришнинг ўзига хос механизми бўлиб қолади”, дея таъкидлади.

Жиззах маҳаллаларини обод қилиш мақсадида сўнгги олти ярим йилда 7 триллиондан зиёд маблағ сарфланди. Жумладан, 700 километрдан зиёд сув тармоқлари ўтказилиб, 250 минг аҳоли илк бор ичимлик суви билан таъминланди. Шу билан бирга, 6 минг 500 оилани қулай ва шинам хонадон билан таъминлаш мақсадида 2 триллион сўмдан зиёд имтиёзли кредит маблағлари ажратилди.

[gallery-14956]

Энг муҳими, аҳолининг турмуш шароити кескин яхшиланди, одамларда эртанги кунга, ислоҳотларимизга ишончи ортди. Бугун юртдошларимизнинг ҳар бири “ҳаётимда ижобий ўзгариш бўлмоқда”, деб айта олади. 

Ҳисоб-китобларга кўра, 2030 йилга бориб Жиззах вилояти аҳолиси 1 миллион 800 мингдан ортиши кутилмоқда. Шу боис, келгуси етти йилда одамларимизга кўрсатиладиган ижтимоий хизматлар сифатини янада ошириш бўйича пухта режалар ишлаб чиқдик. Хусусан, 400 та янги боғча ташкил этиш ҳисобига вилоятда мактабгача таълимга бўлган эҳтиёж тўлиқ қопланиб, қамров 100 фоизга етказилади.

2030 йилга қадар, янги мактаблар қуриш, мавжудларининг қувватини ошириш, шунингдек, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш ҳисобига қўшимча 75 минг ўқувчи ўрни яратилади. Натижада бирорта туманда 30 нафардан кўп бола ўқийдиган мактаб синфлари қолмайди. Барча мактаблар замонавий компьютер синфи, интерактив доска ва ўқув лабораторияси билан жиҳозланади.

Булардан ташқари, келгуси етти йилда 85 та тиббиёт муассасаси қурилади ва таъмирланади. Жумладан, аллергология, урология, нейрохирургия каби 12 та ихтисослашган марказ филиаллари ишга туширилади. Ғаллаорол ва Пахтакорда туманлараро перинатал марказлар очилади. Бундан ташқари, вилоятда болалар юрак жарроҳлиги йўлга қўйилади. Бунинг ҳисобига ҳар йили 500 нафардан зиёд юрагида нуқсони бор болаларда мураккаб операциялар ўтказилади.

Одамларимизнинг уй-жойга эҳтиёжини таъминлаш мақсадида 2030 йилга қадар 25 минг оилага мўлжалланган 500 та кўп қаватли уй барпо этилади. Вилоятда энг долзарб бўлган ичимлик суви масаласига эътибор янада кучайтирилади. Келгуси йилда Зарафшон дарёсидан 160 километр магистрал қувурини тортиш ҳисобига Бахмал, Ғаллаорол, Шароф Рашидов, Дўстлик, Пахтакор, Мирзачўл туманлари ва Жиззах шаҳридаги 600 минг аҳолининг сув таъминоти тубдан яхшиланади. Сув таъминоти оғир бўлган 100 та маҳаллада 2 минг километр ичимлик суви тармоқлари ўтказилади. Натижада 320 минг аҳоли илк бор тоза ичимлик суви билан таъминланади. Умуман, 2030 йилга қадар вилоят аҳолисининг марказлашган ичимлик суви таъминоти 90 фоизга етади. Шу билан бирга, келгуси етти йилда 3 минг километр ички йўллар, 90 та кўприк қурилади ва таъмирланади, бунинг ҳисобига 300 минг аҳолига қулайликлар яратилади. Ушбу тадбирларни амалга ошириш учун 31 триллион сўм йўналтирилади.

Тадбир сўнггида намойиш этилган концерт дастури иштирокчиларга байрам кайфияти улашди. 

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари