
Сурхондарё вилоятининг Қизириқ туманидаги “Аманов Содиқжон” фермер хўжалиги раҳбари “Surxon cotton cluster” масъулияти чекланган жамият шаклидаги пахтачилик – тўқимачилик кластери билан ўзаро шартнома тузиб, унинг барча буюртмаларини белгиланган муддатларда бажарган. Бироқ амалга оширилган ишлар учун тўлов масаласига келганда кластер кўзда тутилган маблағни ўз вақтида бермаган.
Кластернинг шартнома шартини бажаришини кутиб, сабр-косаси тўлган фермер бу масалани суд тартибида ҳал этишга киришди. Тегишли ҳужжатларни Қумқўрғон туманлараро иқтисодий судига тақдим этди. Ишни кўриб чиққан суд фермер хўжалиги фойдасига кластердан 350 миллион сўм қарзни ундиришни белгилади.
–Мазкур иш бўйича суднинг ижро ҳужжати МИБнинг Қизириқ туман бўлими иш юритувига қабул қилиниб, ижро ҳаракатларига киришилди, – дейди Мажбурий ижро бюроси Сурхондарё вилоят бошқармаси инспектори Сардор Жўраев. – Суд ҳужжатларида кўрсатилган маблағни тўлаб бериш учун ихтиёрий муддат белгиланди. Шу даврда қарздорлик тўлаб берилмагани учун амалдаги қонунчиликка мувофиқ кластернинг ҳисоб рақамларига банд солинди. Инкассо топшириқномалари юборилиб, мажбурий ижро ҳаракатлари олиб борилди. Қарздорнинг барча турдаги мол-мулкларига тақиқ қўйилиб, ҳисоб рақамидан фермер хўжалиги фойдасига 350 миллион сўм ундириб берилди.
Фермер хўжалиги раҳбари ундирилган пул маблағларини ишчиларнинг тўлаб берилмаган иш ҳақи ва иш фаолиятини янада кенгайтириши учун йўналтиришини таъкидлаб, суд органи ҳамда давлат ижрочиларига миннатдорлик билдирди.
Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, жорий йилнинг ўтган даврида Қизириқ туманидаги “Surxon cotton cluster” масъулияти чекланган жамият шаклидаги пахтачилик-тўқимачилик кластери ҳисобидан судлар ва бошқа органлар ҳужжатларига асосан фермер хўжаликлари, давлат ҳамда бошқа субьектлар фойдасига бир миллиард 700 миллион сўм қарздорлик ундириб олиниб, ижро ҳужжатлари ижроси таъминланди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири