English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Китобхонни жилмайиб, хуш кайфият билан кутиб олинг
17:28 / 2022-11-20

Сурхондарё вилояти Шеробод тумани ахборот-кутубхона марказида “Кутубхоналар фаолиятининг самарадорлигини ва фойдаланувчиларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш” мавзуига бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Сурхондарё вилояти ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси, туман ҳокимлиги мутасаддилари, туман, шаҳар ахборот-кутубхона марказлари раҳбарлари, масъул ходимлари иштирок этган тадбирда сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳоли, айниқса ёшларнинг китобхонлик ва китоб мутолааси маданиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Бу жараёнда китобхонлик оммавий тус олиб, китоб мутолаасини кенг тарғиб қилиш, турли танловлар ўтказиш ҳам ажойиб анъанага айлангани ҳақида фикр алмашилди.

Президентимизнинг 2017 йил 13 сентябрдаги "Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида"ги қарори бу борадаги ишлар натижадорлигини янада оширишда муҳим омил бўлмоқда.

–Китоб харид қилиш ва кутубхонани мунтазам бойитиб бориш, китоб сақлаш одоби, мутолаа санъати, ўқиган асарларини ҳаётга тадбиқ этиш ҳам китобхонлик маданиятининг бир бўлагидир, – дейди вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи З.Тўраев. – Ҳозирги глобаллашув даврида миллийлигимизга хос ўқимишли асарларни танлай билиш эса ноёб санъатдир. Бу бой маънавий илдизларимизни янада мустаҳкамлаб, “оммавий маданият” тузоғига илиниб қолишдан асрайди. Ёш авлодни Ватанга муҳаббат, юртга садоқат, миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат рухида камолга етказади. Китоб ўқиш маданиятини оширишда миллатимиз руҳига мос, маънавий бойлик ва озиқ берадиган асарларни ўқишни тарғиб этиш соҳа ходимларининг муҳим вазифаларидан биридир.  

Вилоятда 720 минг нусха китоб фондига эга Ўзбекистон Миллий кутубхонаси таркибига кирувчи Адиб Собир Термизий номидаги вилоят, 13 та туман ахборот-кутубхона маркази фаолият юритмоқда. Китобхонларга 320 нафар ходим хизмат кўрсатиб, фондларни тўлдириш ва сақлаш, мутолаа маданиятини ошириш ва тарғиб қилиш билан шуғулланаётир. Вилоят, туман ахборот-кутубхона марказлари фонди яқинда Ўзбекистон миллий кутубхонаси томонидан тақдим этилган икки мингга яқин янги адабиётлар билан бойиди.  

Семинарда ахборот-кутубхона фаолиятига оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси, ўз ахборот-ресурсларини яратиш ва сифатли тўлдириб бориш, хизмат кўрсатиш услублари, ахборот-кутубхона мутахассисининг ахлоқ меъёрлари ҳақида сўз юритилди. Ўзаро тажриба алмашиш, кутубхоначиларнинг амалий кўникмаси ва касбий маҳоратини янада оширишга оид тақдимотлар ўтказилди.

– Бир вақтнинг ўзида 120 фойдаланувчига хизмат кўрсатиш қувватига эга марказимиз 31 мингдан ортиқ китоб фондига эга, – дейди туман ахборот-кутубхона маркази раҳбари М.Улуғбекова. –Хитойда “Юзида табассуми бўлмаган инсон дўкон очмагани маъқул”, дейган халқ мақоли бор. Шу мақолни кутубхоначига ҳам бемалол қўллаш мумкин. Кутубхонага ташриф буюрадиганларни самимият билан қарши олсак, диққат билан тингласак ва тезда сўралган маълумотни топиб беришга тайёр турсак, албатта у бизнинг доимий фойдаланувчимизга айланади. Ушбу тадбирда кенг оммани китоб ўқишга жалб этиш бўйича ўзаро тажриба алмашганимиз келгуси фаолиятимизда жуда қўл келади.

Семинар доирасида туман ҳокимлиги, ташкилот ва муассасалар, китобсевар фуқаролар кутубхонага энг сара китобларни совға қилди. Китобхон ўқувчиларнинг ранг-баранг бадиий чиқишлари тадбир иштирокчиларига бир олам қувонч бағишлади.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА