English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришга миллиард долларлаб маблағ йўналтирилмоқда – уларнинг мақсадли сарфланишига ким жавоб беради?
11:41 / 2023-11-20

Яқинда, шу йилнинг 15 ноябрида кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳолини кичик ва ўрта бизнесга кенг жалб қилишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди. Унга кўра кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашга давлат ва халқаро ташкилотлардан жалб қилинадиган маблағлар ҳисобига миллиард долларлаб маблағ йўналтириш кўзда тутилган.

Хўш, ушбу маблағлар қандай сарфланади, уларнинг назорати олиб бориладими?  

Мазкур қарор билан аҳолини кичик ва ўрта бизнесга кенг жалб қилиш бўйича Республика комиссияси ва унинг ҳудудий комиссиялари ташкил этилмоқда. Ушбу комиссияларда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Марказий банк, Божхона ва Солиқ қўмиталари, Бизнес омбудсман, Савдо Саноат палатаси, тижорат банклари вакиллари иштирок этиб, мазкур қарор билан белгиланган вазифаларни ўз назоратига олади.  

Жумладан, Республика комиссиясига 2023 йил 15 декабрга қадар ҳудудлар ва давлат дастурлари йўналишлари кесимида 2024 йилда 2 млн. аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш мақсадли кўрсаткичларини тасдиқлаш топширилмоқда. Иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари И.Норқулов ва Марказий банк раиси ўринбосари А.Турдалиев аҳолини кичик ва ўрта бизнесга жалб қилиш ва мақсадли кўрсаткичларга эришиш бўйича масъул этиб белгиланмоқда.  

Шу билан биргаликда ажратилаётган кредитларни кафолатли қайтариш бўйича қуйидаги механизмлар жорий этилмоқда. Яъни, кредит ажратишнинг барча босқичлари рақамлаштирилган ҳолда электрон платформаларда амалга оширилади. Кредит таъминотларини назорат қилиш, гаровга олинган мулкларни тақиқдан чиқариш ҳамда алмаштириш жараёнлари электрон платформалар орқали марказлашган ҳолда ташкил қилинади. IT ёрдамида мижозлар фаолияти таҳлил қилиниб, хатарларни олдиндан аниқлаш механизми амалиётга жорий этилади. Туман (шаҳар) ва маҳаллаларга ажратиладиган кредитлар ҳажми юзага келган муаммоли кредитлар улушидан келиб чиқиб белгиланади.  

Мухтасар қилиб айтганда, харажатсиз даромад кўриб бўлмайди. Бу, тадбиркорлик субъектларини молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватламасдан ва уларни рағбатлантирмасдан тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришнинг иложи йўқ, деганидир. Қолаверса, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар, шунингдек, йўналтирилаётган маблағларнинг назоратига алоҳида эътибор қаратилиб, юқори турувчи мансабдор шахсларнинг шахсий зиммасига юклатилган.  

 

Моҳигул Қосимова,  

ЎзА