Мамлакатимизда ҳар бир кишининг ижтимоий мавқеидан қатъий назар меҳнат қилиши, касб-ҳунар эгаллаши учун барча шароитлар яратилган. Касаначиликни ривожлантириш орқали эса ишсиз аҳоли, айниқса хотин-қизлар, меҳнатга лаёқатли ногиронлиги бўлган шахсларнинг иш билан бандлигига кўмаклашилмоқда.
Дилноза Шавқиева 1982 йилда туғилган. У ва турмуш ўртоғи болаликдан ногирон бўлиб, эшитиш ва гапиришда нуқсони бор. Айни пайтда турмуш ўртоғи билан Кармана туманидаги Мир Саид Баҳром маҳалласида истиқомат қилишади. Икки нафар фарзанди бор.
Дилноза 25-сонли махсус мактаб-интернатида ўқиётган вақтида тўгаракларга қатнашиб, турли кийим-кечак тўқиш сирларини ўрганган. Бу эса бугун ўз самарасини бермоқда. Уйда ўтириб, ўндан ортиқ турли ҳажмдаги эркаклар ва аёллар жемперлари, нимчалар, пайпоқлар тўқийди.
Катта ўғли Элёржон ёрдамида Дилнозани суҳбатга тортамиз.
– Уйда ўтирган ҳолда ипларда турли буюмлар тўқийман, – дейди у. – Асосан турли ҳажмдаги кийимлар тўқийман. Битта катта ёшдаги кишига лойиқ келадиган жемперни 5-10 кунда тўқиб битираман. Асосан буюртма асосида ишлайман. Мижозларим кўп. Вилоятимиздан ташқари, Бухоро ва Самарқанд вилоятларида истиқомат қилувчи юртдошларимиздан ҳам буюртмалар бўлади. Қўни-қўшниларим, маҳалладошларим эса доимий мижозларим. Турли нарсалар тўқиш ва тикиш бўйича буюртмалар беришади. Ўзлари келиб уйимдан олиб кетишади. Уйда уй ишларини қиламан, бекор вақтимда тўқиш ва тикиш билан банд бўламан. Даромадимиз ёмон эмас. Рўзғоримиз ўтиб турибди.
[gallery-9665]
Дарвоқе, Дилноза нафақат қўлда тўқиш билан, балки тикиш-бичиш билан ҳам шуғулланади. Яқинда оилалар ҳолатини ўрганиш жараёнида маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Беҳзод Сабуров ва хотин-қизлар фаоли Зубайда Шарипова кўмагида унга субсидия асосида замонавий тикиш машинкаси совға қилинди.
– Тикишни онамдан ўрганганман. Бугун эса ўрганганим фойда бермоқда. Ҳоким ёрдамчиси ва хотин-қизлар фаоли машинка олиб беришди. Ҳозир турли қуроқлар, кўрпача, ёстиқ ва кўрпа жилдлари тикаман. Буюртмаларим кўп. Хуллас бўш вақтим кам, – дейди Дилноза.
– Оилалар ҳолатини ўрганиш жараёнида истиқомат қилувчи оила вакилларининг ҳар бири билан алоҳида суҳбатлар ўтказиб, уларнинг қизиқишлари, тадбиркорлик билан шуғулланиш имкониятларини сўраб-суриштирдик, – дейди маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Беҳзод Сабуров. – Кейин уларни йўналишларга ажратдик. Кимгадир кредит олишларига, кимгадир судсидия асосида асбоб-ускуна, хотин-қизларга тикув машинкалари олиб беришга ҳаракат қилдик. Касб-ҳунар ўрганишга иштиёқи бор маҳалладошларимизни мономарказларга йўналтирдик. Мақсадимиз маҳалламиздаги ишсиз фуқароларимиз, ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларни бирор-бир касб-ҳунарли қилишдир. Улар қандайдир фойдали меҳнат билан банд бўлган ҳолда иқтисодий томондан оиласига кўмаклашсин.
Албатта, бугунги куннинг энг долзарб муаммоларидан бири ҳам аҳоли бандлигини таъминлашдир. Касаначилик эса уйда ўтирган ҳолда бирор-бир касб билан шуғулланиб, ўзини-ўзи банд қилиш имконини беради. Энг муҳими, у уй юмушларини бажарган ҳолда қўшимча маблағ топишнинг мақбул йўлидир. Буюртмани қабул қиласиз ва белгиланган муддатда маҳсулотни ўз эгасига топширасиз. Қилган меҳнатингизга келишилган нархда ҳақ олаверасиз.
Абдували Бўриев,
Сирож Аслонов (сурат), ЎзА.
Расмлар фототаҳририятда