
Янги ўқув йили бошланиши олдидан ҳар йили мактаб формалари кенг муҳокамага сабаб бўлади.
Барчамизга маълум 2022/2023 ўқув йилидан давлат умумий ўрта таълим муассасаларида ўқувчилар учун мактаб формаси қатъий белгиланган тартибда бўлиши айтилмоқда.
Бунда ота-оналардан мактаб ёшидаги фарзандлари учун янги уст-бош олишларига тўғри келади. Бунга барча оилаларда ҳам имкон бўлмаслиги мумкин. Шуларни инобатга олган ҳолда кам таъминланган оилалар фарзандлари учун мактаб формаси маҳаллий бюджет ҳамда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” жамғармалари маблағлари ҳисобидан сотиб олинишида кўмаклашилади, дея хабар бермоқда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати.
Хабарда айтилишича, 2022 йил 10 августдан ҳар бир туман (шаҳар)да мактаб формаси ишлаб чиқувчиларнинг савдо шохобчалари ташкил этилади.
Таълим муассасаси томонидан барчага кўринадиган жойларга мактаб формасини қаерда ва қандай тартибда харид қилиш мумкинлиги тўғрисида тегишли эълон жойлаштирилади ҳамда ота-оналар ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилади.
ЎзА