English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Журналистлар давлат хизматлари марказидаги замонавий қулайликлар билан танишди
09:57 / 2023-08-04

Адлия вазирлиги томонидан давлат хизматлари марказига пресс-тур ташкил этилди.

Вазирлик ахборот хизмати раҳбари Севара Ўринбоева журналистларга тизим ҳақида қисқача маълумот берди. Қайд этилишича, “Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади” тамойили асосида фаолият олиб бораётган давлат хизматлари марказлари халқимизнинг узоғини яқин, оғирини енгил қилишга ҳаракат қилмоқда. 

ДХМлар томонидан дастлаб 37 турдаги давлат хизматлари фақат тадбиркорлик субъектларига кўрсатилган бўлса, бугунги кунга келиб фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига 300 дан ортиқ давлат хизмати кўрсатилмоқда. 

2022 йил давомида 12 миллионга яқин давлат хизмати кўрсатилган бўлса, 2023 йилнинг 1 ярмида бу кўрсаткич 6,5 миллионга яқинлашди. 

208 туман ва шаҳарда 184 замонавий давлат хизматлари марказлари бинолари қурилиб, фойдаланишга топширилган. Ушбу биноларнинг 79 таси давлат-хусусий шерикчилик асосида қурилган. 

Тадбир иштирокчилари пойтахтимиздаги Чилонзор тумани давлат хизматлари марказига ташриф буюрди. 

Бу ерда фуқароларга қўшимча қулайлик яратиш мақсадида Адлия вазирининг буйруғи билан “Навбатсиз хизмат маскани” ташкил этилган. 

Марказга ташриф буюрувчиларга қўшимча тўлов эвазига “Навбатсиз хизмат маскани” учун ажратилган хонага кириб, исталган хизматдан навбатсиз фойдаланиши ҳамда бир вақтнинг ўзида қўшимча қулайликлардан фойдаланиши мумкин. Бунда фуқароларга алоҳида ходим томонидан хизмат кўрсатилади. 

Бундан ташқари, давлат хизматлари марказларидаги электрон навбат ускуналарида тоифаларга ажратган ҳолда навбат олиш имконияти жорий этилмоқда. 

Ушбу қулайлик фуқароларга давлат хизматларини кўрсатиш вақтини қисқартириш ва оптималлаштириш имконини яратади. Бунда хизматлар «осон», «ўрта» ҳамда «мураккаб» тоифаларга ажратилади. 

Бундай қулайликлар Чилонзор ва Олмазор туманлари давлат хизматлари марказларида жорий этилди. 

Маълумот учун, Давлат хизматлари марказлари замонавий ахборот технологиялари ва алоқа ускуналари, фуқаролар учун қулай кутиш майдони, совутиш тизими билан жиҳозланган. Шунингдек, марказ ногиронлар аравачалари ва қўшимча инфратузилма ва Брайль шрифтидаги маълумотлар билан жиҳозланган. 

ДХМларда электрон навбат тизими, Инфокиоск, электрон хизматлардан мустақил фойдаланиш зонаси, болалар майдончаси, буфет, мини-кутубхона ва бепул Wi-fi мавжуд. Давлат хизматлари экстерриториал принципига мувофиқ, яъни яшаш жойидан қатъи назар, барчага кўрсатилади. 

Тадбир иштирокчилари марказ фаолияти билан тўлиқ танишди. Адлия вазирлиги ва давлат хизматлари маркази ходимлари иштирокида матбуот анжумани ҳам ташкил этилди. Журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди. 

Н.Абдураимова, ЎзА