English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Журналист ва блогерлар Фарғона вилоятининг туризм имкониятлари билан яқиндан танишди
07:29 / 2022-11-24

ФОТОРЕПОРТАЖ

Фарғона вилояти туризм ва маданий мерос бош бошқармаси томонидан оммавий ахборот воситалари ходимлари ва блогерлар учун инфо-тур ташкил этилди.  

Фарғона вилоятининг туризм салоҳияти катта. Соҳани ривожлантириш имкониятлари эса кенг. Кейинги йилларда туризм инфратузилмасини ривожлантириш, унинг логистикаси бўйича амалий ишлар олиб борилди. Бугунги кунда вилоятда қишлоқ туризми, эко туризм, зиёрат туризми, агротуризм, спорт туризми, тиббиёт туризми, тоғ туризмини йўлга қўйиш бўйича истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқилган. Муҳим жиҳатларидан бири вилоятда ички ва ташқи туризмни ривожлантиришни мақсад қилган сайёҳлик ташкилотларининг сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Ҳудудда 45 та меҳмонхона, 22 та хостель, 231 та меҳмон уйлари мавжуд.

[gallery-9708]

Инфо-тур иштирокчилари дастлаб Фарғона давлат университети тизимидаги “Қатағон қурбонлари хотираси музейи”да бўлди. 2018 йилда ташкил этилган мазкур музейнинг “Университет ўтмиши ва бугуни”, “Қатағон қурбонлари хотираси”, “Пахта иши”, “Мустақиллик йиллари” бўлимларидан жой олган экспонатлар нафақат олийгоҳ тарихи ва бугунидан, балки вилоятнинг узоқ ва яқин ўтмишидан сўзлайди.  Бу ерга ташриф буюрган инсон кўз ўнгида ўзбек халқининг тарихга айланган машаққатли ижтимоий ҳаёти, оғир синовларга бардоши, эмин-эркинлик неъматлари гавдаланади.  

Журналистлар ва университетнинг чет тиллари факультети Гид ҳамроҳлиги ва таржимонлик фаолияти йўналиши бўйича талабалар билан очиқ мулоқотда вилоят ҳокими ўринбосари Х. Аҳмедов вилоят туризм салоҳиятини оширишда, халқаро муносабатлар соҳасида бўлажак мутахассис кадрларнинг ўрни катталигини таъкидлаб ўтди. “Олтин водий сайёҳлик ҳалқаси” лойиҳаси ва унинг туристлар учун афзаллиги ҳақида маълумот берди. Олийгоҳ музейига туризм фаолиятига оид китоблар жамланмаси совға қилинди.

Сўнгра журналист, блогер ва талабалар Фарғона шаҳрида яқинда фойдаланишга топширилган “Emin” меҳмонхонасида бўлишди. Ихчам, қулай шарт-шароитлар ва сервис хизматларига эга бўлган маскан бир йўла 30 нафар меҳмонларни қабул қила олади.

Шунингдек, инфо-тур иштирокчилари вилоят отчопарида бўлиб, бу ерда ташкил этилган “Чавандозлар мактаби” фаолияти билан ҳам танишди, от спортининг “тентпенггинг” тури бўйича вилоят очиқ чемпионати ва 35-умумтаълим мактаби қошида ташкил этилган “Юрт қалқонлари” тўгараги аъзоларининг кўргазмали чиқишларини томоша қилди.

Навбатдаги манзил – вилоят “Асаларичилар” уюшмасида мутахассислар билан соҳада олиб борилаётган инновацион лойиҳалар, уларнинг истиқболлари, асаларичилик наслчилиги, тизимга сайёҳларни жалб этиш имкониятлари бўйича суҳбатлашилди.  

Иштирокчилар Фарғона туманининг Чимён қишлоғида жойлашган “Ҳувайдо” зиёратгоҳига ташрифи чоғида эса буюк мутафаккирнинг ҳаёти ва ижодий фаолияти бўйича унинг авлодлари билан мулоқот қилди, алломанинг адабий меросини кенг тарғиб қилиш, сайёҳлар учун маълумотлар манбасини яратиш, китобларини қайта нашр этиш юзасидан амалий режа белгилаб олинди.  

Инфо-тур натижаси ва ижодий ходимлар таассуротлари бўйича “Рухсор ТВ” телерадио каналида мулоқот ташкил этилиб, тўғридан-тўғри эфирга узатилди.

Журналист ва блогерлар шу куни Россия Федерациясининг “Шереметьево” аэропорти орқали илк марта Фарғонага учган самолётни тантанали кутиб олиш маросимида иштирок этди.

 

 

Муқимжон ҚОДИРОВ(сурат),ЎзА