
Наврўз умумхалқ байрами арафасида Жиззах шаҳри ва вилоятнинг барча туманларида кенг кўламдаги бунёдкорлик, ободонларштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 10 февралдаги Жиззахга ташрифи чоғида мутасаддилар зиммасига юклатилган вазифалар ҳамда 2022 йил 12 июлдаги “2022-2026 йиллар давомида амалга оширилиши мўлжалланган “Хавфсиз ва равон йўл” умуммиллий дастурини тасдиқлаш тўғрисида” ги қарори ижроси доирасида шаҳарнинг марказий Шароф Рашидов номли шоҳ кўчасида 2 та ер ости йўли ва йўл қисмини 3 қатордан 4 қаторга кенгайтириш ишлари амалга оширилмоқда.
Ушбу ер ости йўлларининг биринчиси “Тошлоқ” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Жиззах филиали ҳамда “Korzinka” савдо мажмуасидан – “Ucеll” компанияси офисига ўтиш қисмида бунёд этилмоқда.
Иккинчи ер ости йўли марказий кўчадаги аҳоли энг гавжум жой – “Заргарлик” ҳамда “Сайилжойи” маҳалла фуқаролар йиғинларини ажратиб турувчи шоҳ кўча остидан, яъни Жиззах давлат педагогика университетидан вилоят ҳокимлиги биноси томонга ўтиш қисмида қурилмоқда.
Шароф Рашидов шоҳ кўчасида қурилаётган ер ости йўлларидан чиқиш жойларининг 2 томонида йўловчилар учун барча қулайликлар ҳисобга олинган бекатлар бўлиб, йўл кенгайиши ҳисобига тўртинчи қатор, яъни фақат автобус, тез ёрдам, ёнғин ўчирувчи ва бошқа махсус автотранспорт воситалари қатнови учун мўлжалланган махсус йўлак бўлиши кўзда тутилган.
Фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида олиб борилаётган ушбу бунёдкорлик ишларини сифатли ва қисқа фурсатларда ташкил этиш ва амалга оширилишини таъминлаш мақсадида шаҳардаги “Мустақиллик майдони” да маҳаллий ҳокимлик ва етакчи мутахассислардан ташкил этилган “Кўчма штаб” иш олиб бормоқда.
Жиззах шаҳри аҳолисининг ўсиб бораётгани, транспорт воситаларининг кундан-кунга кўпаётгани ҳамда олий ўқув юртларида таҳсил олаётган 32 мингдан ортиқ талабалар ва умуман барча пиёдалар хавфсизлигини таъминлаш учун ушбу лойиҳани амалга ошириш энг тўғри ечим бўлиши шубҳасиз.
А.ҚАЮМОВ, ЎзА