English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жиззахда Навоийхонлик тадбирлари
18:19 / 2023-02-09

Юртимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Жиззах вилоятининг шаҳар ва туманларида ҳам миллатимиз маънавияти ва адабиётининг сўнмас сиймолари буюк мутафаккир Мир Алишер Навоий ҳамда шоир ва саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуди кенг нишонланмоқда.

Жумладан, вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармасида Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудига бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.  

Тадбирда Жиззах давлат педагогика университети профессори, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси Усмонжон Қосимов Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида кенг маълумот бериб, рубоий ва ғазалларидан намуналар ўқиди.  

Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 582 йиллигини кенг нишонлаш мақсадида, Маънавият ва маърифат маркази Пахтакор туман бўлинмаси, туман халқ таълими бўлими ҳамда ахборот кутубхона маркази ҳамкорлигида алломанинг босиб ўтган шонли йўли ва шарафли хизматлари ҳақида барча умумтаълим мактабларида ижодий учрашувлар, давра суҳбатлари ташкил этилди.  

Бундан ташқари, тумандаги умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида “Алишер Навоий асарларининг билимдонлари” кўрик танлови ҳамда “Навоийни англаш” мавзусида иншолар танлови ташкил этилди.  

Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан диплом, қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланди.  

Жиззах шаҳри халқ таълими бўлими ҳамда Жиззах вилояти божхона бошқармаси ҳамкорлигида умумий ўрта таълим мактаб ўқувчилари иштирокида икки буюк сиймо, миллатимиз фахри Мир Алишер Навоий таваллудининг 582 ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллиги муносабати билан маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.  

Тадбир давомида ўқувчилар томонидан мутафаккир адибларнинг ҳаёти ҳамда ижоди билан боғлиқ саҳна кўринишлар йиғилганлар эътиборига ҳавола этилди.  

Шунингдек, уларнинг ижодий меросига ҳам назар ташланиб, ғазал ва рубоийларидан намуналар ўқилди.  

Мазкур тадбирда Жиззах вилояти божхона бошқармаси томонидан фаол ва иқтидорли ўқувчиларга эсдалик совғалари топширилди.  

А.ҚАЮМОВ, ЎзА