English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жиззахда “Беш ташаббус олимпиадаси” ғолиблари тақдирланди
20:05 / 2022-11-30

Беш босқичли “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг иккинчи мавсуми доирасида ўтказилаётган танлов ва мусобақаларнинг республика финал босқичлари мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги каби Жиззах шаҳрида ҳам шахмат бўйича ўтказилган ёшлар ўртасидаги беллашувлар иштирокчиларда ёрқин таассурот қолдирди.

Президентимиз раҳбарлигида жорий йилнинг 30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан бўлиб ўтган учрашувда берилган топшириқларига мувофиқ “Беш ташаббус олимпиадаси”ни бир йилда икки маротаба ташкил этиш белгиланган эди.

Ана шу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 28-29 ноябрь кунлари Жиззах шаҳридаги “Ёшлар инновацион маркази”да Спортни ривожлантириш вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ва қатор ҳамкор ташкилотлар томонидан иккинчи мавсум доирасида шахмат бўйича республика финал босқичи кўтаринки руҳда ўтказилди.

Бир қатор спорт турлари, жумладан шахмат бўйича оммавий мусобақаларни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад – Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган 5 муҳим ташаббус доирасида ёшларни спортга бўлган қизиқишини ошириш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, спортнинг шахмат тури оммавийлигини янада оширишдан иборат.

[gallery-9781]

Жиззахда иккинчи мавсум доирасида спортнинг шахмат тури бўйича ташкил этилган республика финал босқичи 3 ёш тоифаси (16-21, 22-26, 27-30) бўйича ўтказилиб, мамлакатимизнинг барча вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳридан жами 84 нафар ҳаваскор шахматчи 2 кун давомида ғолиблиги учун дона сурди.

– Мусобақа давомида спортчилар топқирликлари, зеҳни, ақл-идрокларини яна бир бор синовдан ўтказиб олдилар, – дейди ушбу шахмат мусобақаси бош ҳаками Сарвар Юсупов. – Қизғин ва муросасиз курашлар остида ўтган шахмат баҳсида 16-21 ёшли ўғил болалар орасида Андижон вилояти вакили Шоҳжаҳон Муродалиев, қиз болалар баҳсида фарғоналик Шаҳризода Мухсинова, 22-26 ёшли йигитлар ўртасида Сурхондарё вилоятидан Ҳасан Қоржанов, аёллар ўртасида Жиззах вилояти шарафини ҳимоя қилган Сарвиноз Юсупова, 27-30 ёшли эркаклар ва аёллар баҳсларида ҳам Сурхондарё вилояти ҳаваскор шахматчилари – Бобомурод Ўтаев ҳамда Дилафруз Жўраевалар “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг мутлақ ғолиблари деб топилди.

Республика финал босқичининг тантанали ёпилиш маросимида Спортни ривожлантириш вазири ўринбосари Абдулла Асланов, Жиззах вилояти ҳокимининг ўринбосари Акмал Савурбаев ва бошқалар ғолибларни самимий қутлаб, тадбирни юқори савияда ташкил этган барча хизмат вакилларига миннатдорчилик билдирди ва иштирокчиларга оқ йўл тилади.

Тадбир сўнгида мусобақа ғолиб, совриндор ва турли номинация соҳибларига ташкилотчиларнинг диплом, қимматбаҳо ва эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.

А.ҚАЮМОВ, Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА