
Жиззах вилояти прокурори Исломжон Эргашхўжаев ҳамда вилоят ИИБ бошлиғи, генерал майор Ғайрат Қодиров бошчилигида тунги вақтда Шароф Рашидов, Пахтакор ва Дўстлик туманларида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган тадбирлар, тунги гуруҳларга жалб қилинган куч ва воситаларининг тақсимоти ўрганилди. Ҳар бир маҳаллада аҳолининг ижтимоий муаммоларини аниқлаш ва ҳал этишга қаратилган жиноятларнинг ижтимоий профилактикасини амалга ошириш аҳволи муҳокама қилиниб, тегишли тавсиялар берилди.

***
Пахтакор тумани маҳалла фуқаролар йиғинида “Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” мезонларини жорий этиш, фуқаролар маънавиятини, китобхонлик маданиятини юксалтириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш бўйича тарғибот ишлари амалга оширилмоқда. Республика Маънавият ва маърифат маркази Жиззах вилояти бўлими раҳбари И.Умарова томонидан “Олмазор” МФЙ ва туман тиббиёт бирлашмасига “Маънавий ҳаёт тарғиботи”га доир кўргазма материаллари топширилди. Шундан сўнг тарғибот тадбирлари “Олмазор” маҳалласи Қаторбоғ кўчаси 3/2 уйда истиқомат қилувчи Расулов хонадонида ташкил этилди.

***
“Жасорат мактаби”нинг 4-мавсумига старт берилиб, вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидан уюшмаган ҳамда профилактик рўйхатда турувчи 100 нафар ёш жалб этилди. 10 кун давомида ушбу жасорат мактабида ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш билан бир қаторда уларнинг қизиқишларидан келиб чиқиб, турли касб ва ҳунар тренинглари тақдимоти ўтказилади.


***
Вилоятдаги “103” хизматларига 100 та “Volkswagеn Caddy” тез тиббий ёрдам автомашинаси топширилди. Шу муносабат билан ўтган тадбирда Жиззахда ишлаб чиқарилаётган ушбу замонавий машина тиббий ёрдам кўрсатиш талабларига тўла жавоб бериши, унда беморлар, тиббиёт ходимлари ва ҳайдовчилар учун барча зарур қулайлик яратилгани таъкидланди. Шунингдек, замонавий автотранспорт воситалари Республика тез тиббий ёрдам марказининг Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Сурхондарё ва Сирдарё вилоятлари филиалларига тақсимланиб, ушбу ҳудудларга етказиб берилиши бошланди.

***
Дўстлик тумани далаларида пахта терими авжига чиқиб, етиштирилган ҳосилнинг асосий қисми техникалар кучи билан терилаётган бўлсада, кунлик суръатда ҳашарчиларнинг ҳам ҳиссаси катта бўлмоқда. Шу сабабли бугун тумандаги фермер хўжаликлари ҳудудий уюшмалари далаларида теримчиларга кўтаринки кайфият бағишлаш мақсадида навбатдаги учрашув бўлиб ўтди. Унда туман ҳокими Шавкат Дарвишев, сектор раҳбарлари, вилоят ташкилотларидан вакиллари ва бошқа мутасаддилар иштирок этди. Туман ҳокими барча ҳашарчиларнинг теримдаги фаол иштирокини юқори баҳолаб, уларга миннатдорчилик билдирди. Шунингдек, бир гуруҳ илғор теримчилар сектор раҳбарлари томонидан қимматбаҳо ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

А.Қаюмов,
ЎзА мухбири.