
Давлатимиз раҳбарининг “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига кўра, Алимент тўловлари жамғармаси ташкил этилди.
Жамғарма маблағлари вояга етмаган фарзандини моддий таъминлашдан бўйин товлаганлик учун қарздор жиноий жавобгарликка тортилган тақдирда алимент тўловларидан юзага келган қарздорликни қоплаб беришга йўналтирилиши белгиланган. Шунга кўра, алимент тўламаганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилган шахсларнинг алимент тўловларидан бўлган қарздорлиги Мажбурий ижро бюроси Алимент тўловлари жамғармаси ҳисобидан қоплаб берилмоқда.
Бюронинг Тошкент шаҳар бошқармаси маълумотларига кўра, бошқарма ҳамда ҳудудий бўлимлари иш юритувида бўлган ижро ишлари бўйича 3 нафар ундирувчига жами 80 миллион сўм алимент пуллари жамғарма маблағлари ҳисобидан тўлиқ қоплаб берилди ва ҳозирда яна 9 та ижро иши бўйича алимент пулларини тўлаб бериш чоралари кўрилмоқда.
Жумладан, бюронинг Чилонзор туман бўлими иш юритувида бўлган ФИБ Миробод туманлараро судининг ижро ҳужжатига асосан қарздор Б.Раимовдан ундирувчи Н.Салиева фойдасига бир нафар фарзандининг моддий таъминоти учун ҳар ойлик иш ҳақи ва бошқа даромадларининг 1/4 қисми миқдорида алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати мавжуд.

Қарздор ота томонидан ўз вақтида тўланмаган алимент сабабли Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 474-моддасига асосан маъмурий жазо қўлланилган. Бироқ қўлланилган маъмурий жазодан тегишли хулоса чиқармаган қарздор алимент пулларини қасддан тўламай келганлиги сабабли унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 122-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ЖИБ Чилонзор туман судининг жорий йил 23 февралдаги ҳукми билан Б.Раимовга нисбатан 6 ой озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. 26 миллион 5 минг 128 сўм зарар ундириш белгиланган. Мазкур ижро ҳужжатига асосан Алимент тўловлари жамғармаси ҳисобидан 26 миллион 5 минг 128 сўм миқдоридаги алимент қарздорлиги ундирувчи номига очилган банк пластик картасига ўтказиб берилди.
Шунингдек, жамғарма ҳисобидан ФИБ Шайхонтоҳур туманлараро судининг қарорига асосан қарздор У.Турсуновдан ундирувчи М.Турсунова фойдасига икки нафар вояга етмаган фарзандларининг моддий таъминоти учун алимент ундириш белгиланган. Қарздор томонидан 132 ой давр учун 43 миллион 181 минг 232 сўм алимент тўловларидан юзага келган қарздорликни тўламаганлиги сабабли ЖИБ Олмазор туман судининг ҳукми билан жиноий жавобгарликка тортилиб, 43 миллион миқдоридаги алимент қарздорлиги ундириш белгиланган. Шунга кўра, алимент тўловларини қоплаб бериш ҳақида қарор қабул қилиниб, Алимент жамғармасидан 43 миллион миқдоридаги пул тўлаб берилди.
Шунингдек, Бюронинг Учтепа туман бўлими иш юритувида бўлган қарздор Т.Бидзиновдан ундирувчи Е.Бидзинова фойдасига ¼ қисм миқдорида алимент ундируви билан боғлиқ ижро иши юзасидан жамғармадан 9 миллион 139 минг 778 сўм алимент қарздорлиги тўлаб берилди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА