
Президентимиз 2020 йил 11 августда “Камбағал ва ишсиз аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолаган эди. Унга асосан, ўтган йилнинг июль ойидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, унинг ҳудудий бошқармалари қошида "Ишга марҳамат" мономарказлари фаолияти йўлга қуйилган эди.
Бу марказларда ўқиган ва касб-ҳунарга эга бўлган аҳоли қатлами ўз-ўзини банд этиб, ўзи ва оиласи учун наф келтирадиган бирон бир фойдали касб тури билан шуғулланиб, жамиятда ўз ўрнини топа оляптими? Сирдарёда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, унинг Сирдарё вилоят ҳудудий бошқармаси ташаббуси билан ташкил этилган ва Гулистон шаҳрида жойлашган Гулистон "Ишга марҳамат" мономарказида навбатдаги пресс-тур ташкил этилди.
– Марказ иш бошлаганига унча кўп вақт бўлмади, – дейди Гулистон "Ишга марҳамат" мономаркази раҳбари Фарҳод Қаршибоев. – Марказ фаолиятини йўлга қўйиш, уни ишга тушириш учун Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги жамғармаси ҳисобидан 11 миллиард сўм пул маблағи қурилиш ва реконструкция ишларига, марказни касб-ҳунарга ўргатишга мослаштириш, хоналарни зарур жиҳозлар билан жиҳозлаш учун 2 миллиард 200 миллион сўм пул маблағи йўналтирилган эди. Эндиликда марказимизда ишсиз ва касб-ҳунарсиз аҳоли қатламини фойдали касб-ҳунар турига ўргатиш учун барча шарт-шароитлар мавжуд. Бир йилда 27 турдаги йўналишга 2572 нафар аҳолини қамраб оламиз. Улар ўзлари танлаган касб-ҳунар турлари бўйича 2-3 ойлик курсларда таҳсил олиб, маълумотга эга бўлади. Ўқув курсини тугатгач, ўзлари танлаган соҳалари бўйича ўз фаолиятларини йўлга қўяди. Биз эса уларга кўмаклашамиз, тўғри йўл ва тўғри йўналишни кўрсатамиз.
Айни вақтда марказда 515 тингловчи, икки сменада сервис хизмати, техник ва қурилиш соҳаси, хорижий тиллар, рақамли технология ва бошқа курсларда таҳсил олаётган бўлса, битирувчилар 1263 нафардан ошиб кетди. Уларнинг 612 нафарининг бандлиги таъминланди. 77 нафари ўз танлаган йўналиши бўйича ишга кирган бўлса, 500 нафари ўз танлаган соҳалари бўйича ўз-ўзини банд этган. 5 нафари якка тартибдаги тадбиркорлик, қолганлари эса банкдан кредит ва субсидия олиб фаолият бошлаган.
– Аҳолининг ишсиз ва касб-ҳунарсиз қатламини ўқитиш, ўзи хоҳлагандек касб-ҳунар турини эгаллаши учун марказимизда барча шароитлар мавжуд, – дейди "NEYL-STILIST" йўналиши бўйича тажрибали мутахассис Нисо Сирожиддинова. – Марказга Бутун жаҳон сартарошлар ассоциацияси аъзоси, япониялик сартарош, стилист ҳамда Ўзбекистон сартарошлар уюшмаси раиси Фарҳод Шомуродов ташриф буюрганди. Улар сартарошлик сирларини мукаммал ўрганиш истагида бўлган йигит ва қизлар учун "Мастер-класс" тартибида маҳорат дарсини ўтди. Бу нафақат менга, ўқувчиларим учун ҳам фойдали бўлди.
Марказда заргарлик курси хам ташкил этилган. Ушбу курсга ҳунарманд ва заргар, Қорақалпоғистонлик Раъно Эшимбетова раҳбарлик қилади.
Марказда ташкил этилган, юк кўтариш машиналар оператори йўналиши мутахассисларига хорижий давлатларда ҳам талаб катта.
– Бу йўналишни тугатганларни 6 нафари Россия давлатидаги қурилиш ташкилотларида фаолият олиб бормоқда, – дейди ўқитувчи Бахтиёр Сайдуллаев. – Иш ҳам рағбат ҳам шунга яраша. Улар ўз танлаган йўналишидан хурсанд.
Бундан ташқари, марказда "Ёш болалар учун энага тарбиячи ёрдамчиси" йўналиши бўйича ўқув курси ташкил этилган.
Мономарказда талаб юқори бўлган йўналишларда, яъни тикувчилик, қандолатчилик, тарбиячи ёрдамчиси, ошпаз, аёллар сартароши, пайвандловчи, электрик, автоэлектрик, мебелсозлик йўналишларида ўқиётган, ушбу касблар сирини ўрганаётганлар бошқа касб-ҳунар турларини ўрганаётганларга нисбатан кўп.
Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган ушбу марказ ишсиз ва касб-ҳунарсиз аҳолини касб-ҳунарга ўргатибгина қолмай, тингловчилар ҳаётида ижобий ўзгаришларга сабаб бўлмоқда.
Шуҳрат Суяров, ЎзА