Бугунги кунда хотин-қизларнинг ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун қулай шароитлар яратиш, улар орасида тадбиркорликни ривожлантириш, ижтимоий кўмак тизимини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ёш қизларни замонавий касб-ҳунарларга ўқитиш, уларнинг илмий ва маданий ривожланишини қўллаб-қувватлаш устувор вазифалардан биридир.
Шаҳрисабз давлат педагогика институтида “Сенинг ташаббусинг – сенинг келажагинг учун” шиори остида форум ўтказилди. Форум доирасида институтда талаба-ёшлар ўртасида бир нечта танловлар, семинар-тренинг ва давра суҳбатлари бўлиб ўтди.
Хусусан, соҳа мутахассислари билан биргаликда “Эрта турмуш ва эрта туғруқнинг олдини олиш” мавзусида давра суҳбати, талаба-қизлар ўртасида “Заковат” интеллектуал ўйини, “Мен зўравонликка қаршиман” мавзусида иншолар танлови, “Миллий либослар куни”, “Мен иқтидорлиман” кўрик танлови каби бир нечта маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилди.
Жумладан, “Хотин-қизлар тадбиркорлигига биринчи қадам” мавзусидаги бизнес-тренингда ўзининг бизнесига эга ишбилармон аёллар хотин-қизларга тадбиркорлик соҳасидаги тажрибаси билан бўлишди ва муваффақиятли бизнес юритишнинг асосий қоидалари, молиявий саводхонлик, бизнес режа тузиш ва инвестициялар жалб қилиш усуллари ҳақида маълумот берди. Тингловчилар ўзларини қизиқтирган саволларга етарлича жавоб олди.
Шунингдек, ҳафта давомида Халқаро қизлар куни муносабати билан ташкил этилган танловлар ғолиблари институт Хотин-қизлар маслаҳат кенгаши томонидан ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири