
Ҳозирги замонавий даврда дунё миқёсида глобаллашув жараёни жадаллик билан ўсмоқда. Бу эса, халқаро муносабатлар тизимида иқтисодий дипломатиянинг ролини оширмоқда.
Ушбу глобал миқёсдаги муҳим ўзгаришлар, ўз навбатида ташқи сиёсий фаолиятни олиб боришда вазмин, ўзаро фойдали ва конструктив тарзда амалга оширишни тақозо этмоқда. Шундай экан сўнгги йилларда мамлакатимиз томонидан амалга оширилаётган ташқи сиёсий фаолиятнинг устувор йўналишларидан бири бўлган иқтисодий дипломатияга муҳим эътибор қаратилмоқда.
Биз энг аввало, иқтисодий дипломатиянинг мақсад ва вазифалари нима эканлигини билишимиз лозим. Иқтисодий дипломатия давлат институтларининг жамоат ва бизнес тузилмаларини жалб қилиш, замонавий иқтисодий, сиёсий, юридик билимлар ва воситалари, замонавий дипломатия усуллари ва шакллари, икки томонлама ва кўп томонлама институтлардан фойдаланиш бўйича билимларни қўллаш мамлакатнинг ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётини барқарор ривожлантиришга қаратилган жаҳон миқёсидаги миллий иқтисодий манфаатлардир. Шундай экан, юқорида келтириб ўтилган тарифдан келиб чиққан ҳолда айтишимиз мумкинки, иқтисодий дипломатиянинг ташқи сиёсий фаолиятда фаол қўлланилаётганлиги, мамлакат иқтисодий ривожига ҳисса қўшади ҳамда инвестициялар оқимини жадаллаштиради. Бу эса халқ фаровонлиги учун муҳим ҳисса қўшади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 7 февралдаги Фармони билан 2017-2021 йилларда мамлакатимизни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг 2021 йилга мўлжалланган «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» давлат дастурининг 264-бандида «Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсатида иқтисодий дипломатияни фаол илгари суриш» борасида белгилаб ўтилган. Хусусан бу борадаги саъй-ҳаракатлар юзасидан ташқи ишлар вазирлиги томонидан чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Режага мувофиқ:
- республиканинг экспорт салоҳиятини янада ошириш мақсадида тадбиркорларга янги хорижий ҳамкорлар билан алоқа ўрнатишда кўмаклашиш;
- ҳудудий лойиҳаларга хорижий инвестицияларни кенг жалб қилишга амалий ёрдам бериш;
- хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг молиявий-техник кўмаклари ва грантларини жалб этиш;
- юртимизнинг инвестиция имкониятларини тарғиб қилиш ҳамда экспортга кўмаклашиш мақсадида хорижда турли тадбирлар ўтказиш назарда тутилган. Ушбу чора-тадбирлардан асосий мақсад Ўзбекистон тараққиётини янада юксалтириш ҳамда халқ фаровонлиги учун хизмат қилишдир.
Мамлакатнинг иқтисодий очиқлиги ҳамда инвестициялар ва бизнес учун жозибадорлиги, барча муаммоли масалаларни якдиллик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик асосида ҳал этишга интилиш, дунёнинг етакчи давлатлари ва бошқа мамлакатлари билан мувозанатли ва ўзаро манфаатли алоқалар юритиш, сиёсий ишонч ва халқаро ҳуқуққа риоя этилиши асосидаги ўзаро ҳамкорликка интилиш – бизнинг хорижий шерикларимиз Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев олиб бораётган ташқи сиёсий курсни айнан ана шундай тавсифламоқда. Ўзбекистон тараққиётнинг, тарихий ва ҳал этувчи босқичидан ўтиб бормоқда. Мамлакатда ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ислоҳотларнинг мисли кўрилмаган кенг кўламли дастури амалга оширилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, Ўзбекистоннинг 2035 йилга келиб дунёнинг 50 та иқтисодий ривожланган мамлакатлари қаторига киришига хизмат қилади. Ушбу мақсадга фақат жаҳон иқтисодий ва молиявий тизимига муваффақиятли ва изчил интеграциялашув орқали эришиш мумкин. Ўзбекистон учун дунёнинг Россия, АҚШ ва Хитой каби етакчи давлатлари, Осиё-Тинч океани минтақасидаги ривожланган мамлакатлар, хусусан, Корея Республикаси ва Япония, Европа мамлакатлари ва Европа Иттифоқи, араб-мусулмон ҳамда туркий тилли давлатлар билан ўзаро манфаатли, самарали ва кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади. Инвестиция ва технологияларни жалб этиш, маҳаллий экспортни кенгайтириш, ташқи бозорларда миллий компаниялар брендини илгари суриш, юртимиз иқтисодиётининг рақобатбардошлигини мустаҳкамлаш, туризмни ривожлантириш иқтисодий дипломатиянинг энг асосий вазифасидир. Бугунги кунда ушбу йўналиш иш фаолиятимизнинг ажралмас қисмига айланган. Сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёевнинг топшириқ ва кўрсатмаларига мувофиқ, ягона ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишда Ташқи ишлар вазирлигининг Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан ўзаро алоқалари кучайтирилди. Иккала вазирликнинг биргаликдаги ҳаракатларини мувофиқлаштириш учун тегишли тузилмалар ташкил қилинди. Маҳсулот ва хизматлар экспортини диверсификациялаш, республикага инвестициялар ва илғор технологияларни жалб қилиш, сайёҳлар оқимини ошириш мақсадида Вазирлик ва Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари иш услуби ва тизимига янги ёндашувлар жорий қилинмоқда. Хусусан, вазирлик ходимларининг ва чет элдаги элчихоналаримизнинг ҳар бир вилоятга бириктирилиши натижасида инвестициялар оқимининг жадаллашишига ҳамда экспорт билан шуғулланувчи корхоналарнинг муаммоларини жойида ҳал этилиши шулар жумласидандир.
Иқтисодий дипломатия масаласида Президент Ташқи ишлар вазирлиги олдига катта вазифаларни қўяди. Биринчидан, инвестицияларни жалб қилиш. Иккинчидан, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар экспортининг ўсиши. Учинчидан, Ўзбекистонга келадиган сайёҳлар сонини кўпайтириш шулар жумласидандир.
Ташқи иқтисодий фаолиятнинг замонавий механизмларини ишлаб чиқиш туфайли хорижий инвестициялар ва янги технологияларни жалб этиш, Ўзбекистонга сайёҳлар оқимини кенгайтириш, миллий маҳсулотларни жаҳон бозорларига экспорт қилишни ошириш, халқаро транспорт йўлакларини шакллантириш ва бошқа инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш борасидаги ишлар самарадорлиги ошди. Ушбу саъй-ҳаракатлар Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантиришга шунингдек туризм, инвестиция ҳамда транспорт инфратузилмаларининг янада жадаллашишига хизмат қилади.
2020 йили Ташқи ишлар вазирлигининг бевосита ёрдамида умумий қиймати 800 миллион АҚШ долларига тенг 900 та экспорт шартномаси имзоланди ва 250 та маҳаллий йирик экспортчи корхоналарга манзилли ёрдам кўрсатилди ҳамда 42 та мамлакатга 211 турдаги маҳсулот экспортини йўлга қўйиш орқали янги бозорлар ўзлаштирилди. Ўзбекистон Республикасининг 2020-2022 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурини амалга ошириш доирасида республикага 5 мингдан ортиқ чет эллик мутахассислар жалб қилинди, 3 мингга яқин хориж технологиялари келтирилди. Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик траст жамғармасига хорижий донорлардан 26,1 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ жалб қилинди.Ушбу саъй-ҳаракатларнинг замирида Ўзбекистон тараққиёти шу билан бирга, халқ фаровонлиги биринчи ўринда туради. Шунингдек, Ташқи ишлар вазирлиги томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар ҳамда хорижий давлатлар билан ўзаро муносабатларининг очиқ ва конструктив тарзда амалга оширилиши туфайли Ўзбекистон ташқи сиёсатида иқтисодий дипломатияни фаол илгари суриб келмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги тизимини тубдан такомиллаштириш ҳамда ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолиятнинг устувор йўналишларини амалга оширишда унинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2018 йил 5 апрелдаги ПФ-5400-сон Фармонининг 1-банд, биринчи хат бошида белгиланган «Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистон Республикасининг хориждаги муассасалари фаолияти ва ташкилий-штат тузилмасининг норматив-ҳуқуқий асосларини «иқтисодий дипломатия»ни ривожлантиришга урғу берган ҳолда қайта кўриб чиқиш ва такомиллаштириш» юзасидан амалий чоралар кўрилди.
Президент Фармонга мувофиқ, Ташқи ишлар вазирлиги тизимида Иқтисодий дипломатия департаменти ташкил этилиб, у бевосита мамлакатнинг ташқи иқтисодий манфаатларини илгари суриш, хорижий инвестициялар ва молиявий-техник кўмакни жалб этиш, туризм соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш билан шуғулланиб келмоқда. Етакчи хорижий давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб айтишимиз мумкинки, ташқи ишлар вазирлигида бевосита иқтисодий дипломатия билан шуғулланувчи департаментнинг ташкил этилиши, мамлакат иқтисодий ривожига ҳамда инвестицион жозибадорликни оширишга хизмат қилади. Ушбу тажриба иқтисодий жиҳатдан ривожланган мамлакатлар ҳисобланмиш Буюк Британия, Германия, Франция, Канада ва Япония каби давлатларда амалга оширилган ҳамда ўз самарасини кўрсатган ҳисобланади.
Халқаро ишбилармон доиралари билан алоқаларни фаоллаштириш, Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки ва бошқа йирик халқаро тузилмалар билан ҳамкорликни жадаллаштириш иқтисодий дипломатиянинг муҳим йўналишларига айланди ҳамда ушбу йўналишлар билан биргаликда икки томонлама ва кўп томонлама муносабатларни олиб бориш муҳим саналади.
Хулоса қилиб айтишимиз мумкинки, Ўзбекистон ташқи сиёсатида «иқтисодий дипломатия»нинг фаол тарзда амалга оширилиши, бу борада ташқи ишлар вазирлигида махсус иқтисодий дипломатия департаменти ташкил этилганлиги мамлакат иқтисодий ривожига муҳим ҳисса қўшади. Ушбу саъй-ҳаракатларни амалга оширишимизда «ҳозир ёки ҳеч қачон» тамойилига содиқ қолган ҳолда муҳим вазифаларни амалга оширишимиз лозимдир. Юқоридаги вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда халқаро тажрибаларни ўрганган ҳолда амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш даркор. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда Ўзбекистон ривожига иқтисодий дипломатиянинг ҳиссаси беқиёслиги ҳамда унинг халқ фаровонлиги учун хизмат қилишини билишимиз лозим ҳисобланади.
Искандар ЎРОҚБОЕВ,
«Тараққиёт стратегияси» Маркази
бош мутахассиси